Си Цзиньпин диктаторми? Хитой Бербокнинг баёнотини сиёсий провокация деб топди
Олам
−
19 Сентябрь 2023
3564Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Хитой раиси Си Цзиньпинни диктатор деб атагани туфайли мамлакатнинг Пекиндаги элчиси Хитой ТИВга чақиртирилди. Бу ҳақда кеча, 18 сентябрь куни Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакилига таяниб, “Spiegel” газетаси хабар берди.
“Аввал Ташқи ишлар вазири Бербок Хитой раиси Си [Цзиньпин]ни диктатор деб атади, кейин Германия элчиси ТИВга чақирилди”, дейди дипломат.
Унинг қайд этишича, Хитой ҳукумати бу баёнотни очиқ сиёсий провокация сифатида баҳолаган.
Маълумот учун, Хитой ва Германия муҳим савдо шерикларидир. Шунга қарамай, Берлин дунёни Хитойга қарши курашишга чақирмоқда. Масалан, жорий йилнинг 22 август куни Бербок Хитойнинг сиёсати тобора тажовузкор бўлиб бораётганини, шунинг учун ҳам Австралия ва Тинч океани минтақасининг бошқа мамлакатлари учун Германия билан ҳамкорликни бошлаш муҳимлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 сентябрь куни АҚШга сафар қилаётган Анналена Бербок “Fox News” телеканалига берган интервьюсида Россиянинг ғалабаси “Си Цзиньпин каби диктаторларга сигнал бўлишини айтганди.