Швецияда дунёдаги илк “ёғоч шаҳар” қурилади
Бу қизиқ
−
05 Июль 2023
3650Швеция пойтахти Стокгольмда дунёда илк бор ёғочдан тўлиқ шаҳар қуриш лойиҳалаштирилди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Унга кўра, Стокгольмнинг жануби-шарқидан ўрин олиши кутилаётган 7 минг офис хонаси ва 2 мингта уйдан иборат мазкур шаҳарчада, шунингдек, ресторанлар ва дўконлар ҳам бўлади. 250 минг квадрат метр майдонни эгаллайдиган шаҳарча бу йўналишда дунёдаги энг йирик қурилиш лойиҳаси бўлиши айтилмоқда.
Лойиҳачининг сўзларига кўра, бу “беш дақиқалик шаҳар” бўлиб, яъни ҳудуддаги иш жойлари, уйлар, дам олиш масканларининг биридан бошқасига 5 дақиқада пиёда етиб олиш мумкин. Шаҳарчадаги якка тартибли уйлар, оддий турар-жой ҳамда офис биноларининг конструкцияси фақат ёғочдан, жамоат биноларида эса ёғоч ва пўлат ашёсидан фойдаланилади.
Гарчи баъзи экспертлар ёғоч бинолардан келиб чиқадиган ёнғин хавфи ҳақида ташвишланган бўлсада, лойиҳачилар ёғочлар нисбатан секин ва олдиндан айтиб бўладиган тезликда ёнишини, бу эса уни кўплаб анъанавий пўлат конструкцияларга қараганда хавфсизроқ эканлигини айтмоқда. Шунингдек, ёғоч ҳаво таркибидаги карбонат ангидридни меъёрлаштиришга хизмат қилиши, анъанавий материалларга қараганда таркибида анча кам углерод сақлаши ҳам санаб ўтилган.
2022 йилда “Nature” журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, агар яқин бир аср ичида шаҳар аҳолисининг 90 фоизи ўрта қаватли ёғоч бинолар билан таъминланса, карбонат ангидрид чиқиндиларини 106 гигатонга камайтиради (ҳозирда сайёра ҳар йили тахминан 40 гигатон ишлаб чиқаради).
Албатта, бундай катталикдаги трансформация ўрмонларнинг кесилишига олиб келмаслик учун барқарор ёғоч плантацияларини талаб қилади. Аммо Швеция ёғоч маҳсулотларини инновация қилишга тайёр мамлакат бўлиб, унинг деярли 70 фоизи ўрмон билан қопланган.
White Arkitekter ва Henning Larsen архитектура фирмалари томонидан ишлаб чиқилган “Wood city”даги биринчи бинолар 2027 йилда қуриб битказилиши кутилмоқда.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда Норвегия, Швейцария ва Австралия каби мамлакатларда ёғочдан осмонўпар бинолар қурилди.
Эслатиб ўтамиз, Сингапурда ҳам ана шундай иншоот қад ростлаган бўлиб, у 468 минг квадрат метр майдонга эга коллеж биносидир. Ушбу иморат Осиёдаги энг катта ёғоч бино саналади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь