Швеция Украинага 150 тагача қирувчи етказиб бериши мумкин
Олам
−
25 Октябрь 2025 3836 2 дақиқа
Швеция Россиянинг музлатилган активлар ҳисобидан Украинага 100-150 дона JAS 39 Gripen E қирувчи самолётларини етказиб бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. 100 та қирувчи бўйича эса битим имзоланган. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазири Пол Йонсон SVT телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Биз музлатилган Россия активларидан фойдаланиш имконини ўрганмоқдамиз”, дейди у.
Кеча, 24 октябрь куни эса Украина Президенти Владимир Зеленский ва Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон Киевга камида 100 дона Gripen E қирувчиларини миллий ҳаво кучлари учун харид қилиш имконини берувчи битимни имзолаган.
Ушбу моделдаги битта қирувчи самолётнинг нархи тахминан 85 миллион долларни ташкил этади. 100 та бундай буюртма 8,5 миллиард долларга тушади.
Зеленский Gripen самолётларини “кенг кўламдаги вазифаларни бажаришга имкон берувчи авиация платформаси” деб атаган. У томонлар “яқин вақт ичида барча тартибларни якунлаш” ҳамда Украина кейинги йилда илк JAS 39 Gripen самолётларини олишини таъминлаш учун барча чораларни кўришини қўшимча қилган.
Gripen E серияси (JAS-39Е/F Gripen NG номи билан ҳам танилган) Швециянинг тўртинчи авлод кўп мақсадли жанговар самолёти Saab JAS-39 Gripen’нинг сезиларли даражада такомиллаштирилган версиясидир. Ушбу серияга бир ўриндиқли E ва икки ўриндиқли F вариантлари киради.
JAS қисқартмаси шведча Jakt (қирувчи), Attack (ҳужумчи) ва Spaning (разведка) сўзларидан ташкил топган. Самолёт ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги турли вазифаларни – нишонларни тутиб олишдан тортиб аниқ зарба беришгача бажаришга қодир. Gripen қирувчилари Линчёпинг шаҳрида жойлашган Saab мудофаа концернида ишлаб чиқарилади.
Saab бош директори Майкл Йоханссоннинг SVT’га маълум қилишича, компания Украинага биринчи самолётни уч йил ичида етказиб бера олади. У ҳозирча расмий контракт йўқлигини, бироқ келишувни бажариш учун ходимлар сонини сезиларли ошириш зарурлиги сабабли режалаштириш ишларини аллақачон бошлаш мумкинлигини айтган.
Кристерссон Зеленский билан битим имзолагач, икки мамлакат ўртасидаги жанговар авиация соҳасидаги ҳамкорлик 10-15 йил давом этиши мумкинлигини билдирган. Швециялик мутахассислар 2023 йилдан бери украиналик учувчиларга Gripen самолётларини бошқаришни ўргатиб келмоқда.
Россия эса Киевга ҳар қандай ҳарбий ёрдамни қоралаб келади. Кремль қурол-яроғ етказиб бериш ва Украина армиясини молиялаштириш урушни фақат чўзади, деб ҳисоблайди. Шунингдек, Москва ўз активларига оид исталган ҳаракатни “ўғрилик” деб атайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Қуруқликдаги қўшинлар Бош штаби бошлиғи, генерал Пьер Шиль Миллий Ассамблея Мудофаа қўмитаси депутатлари олдида ўтказилган тинглов чоғида Франция зарурат туғилганда хавфсизлик кафолатлари доирасида ўз қўшинларини Украинага юборишга тайёр эканини айтган эди.
Live
БарчасиТуркия ҳам “Тинчлик Кенгаши”га қўшилди
22 Январь