Шри-Ланкада “адвокат” маҳбусни отиб ташлади
Олам
−
24 Февраль
6113Шри-Ланка пойтахти Коломбода жойлашган суд залида адвокат қиёфасида келган шахс жиноий гуруҳ етакчисини отиб ташлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, 19 февраль куни қуролланган шахс адвокат қиёфасида суд залига келган. У жиноий гуруҳ раҳбарини китоб орасига яшириб олиб кирилган тўппонча билан отиб ташлаган.
Қайд этилишича, вафот этган шахснинг исми Санжив Кумара Самараратне бўлган. Полицияга кўра, у бир нечта қотиллик ишларида гумон қилинган.
Нашрнинг ёзишича, Коломбодаги отишма бир-бирига қарама-қарши бўлган жиноий гуруҳлар томонидан содир этилган бир қатор қотилликлардан бири саналади. Расмийлар мамлакатдаги тўда зўравонликларини бостиришга ваъда берган.
“Жиноий гуруҳ раҳбари 2023 йил сентябрь ойида ҳибсга олинганидан бери қамоқда эди”, дейилади хабарда.
Маҳбус отиб ташланганидан кейин шифохонага олиб кетилган, бироқ етиб келганида у ўлганлиги маълум қилинган.
Қуролланган шахс воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган, бироқ кейинроқ полиция томонидан қўлга олинган.
“Полиция гумондор аёл 25 ёшли Пинпура Деваге Ишара Сюванди аниқлади”, дейилади хабарда.
Полиция, шунингдек, отишмада икки гумонланувчига ёрдам берганликда гумон қилинган полициячи ва фургон ҳайдовчисини ҳибсга олганини қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Канаш шаҳридаги дўконлардан бирида қорбобо кийимидаги шахс дўкон эгасини отиб ўлдирганди. Тергов маълумотларига кўра, қотилликка жабрланувчининг гумонланувчи олдидаги қарзи сабаб бўлган.
LiveБарчаси