Шов-шувли қўлга олиниш “кўча”ларнинг пиарига ўйнамайдими?
3-саҳифа
−
12 Декабрь 2023
18776Бугун, 12-декабрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қатнашган QALAMPIR.UZ журналисти шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевга шов-шувли тарзда қўлга олинган, жиноий гуруҳларга аъзо бўлишда гумонланган шахслар қўйиб юборилган тақдирда, бу улар учун пиар вазифасини бажармайдими, мазмунидаги савол билан юзланди.
“Деярли ҳар куни у ёки бу вилоятда жиноятчилар қўлга олингани ҳақида маълумотни кўряпмиз. “Долзарб 40 кунлик” тадбири анчайин шов-шув билан ўтказиляпти. Лекин тармоқларда ваҳима билан қўлга олинганларнинг кўпчилиги қўйиб юборилади, деган гаплар ҳам йўқ эмас. Нима учун қўлга олинганлар бошқаларга қараганда "овоза" билан [ичкарига] олиб кирилди ва улар қўйиб юборилган тақдирда бу пиар вазифасини бажармайдими ҳамда одамларнинг ички ишлар органларига нисбатан ишончини пасайтирмайдими?", дея савол берди журналист Феруза Нажмиддинова.
ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари эса қўлга олинганлар қўйиб юборилмаслигига етарлича ишонч ҳосил қилинганидан кейингина улар ушланганини айтди ва уларни уюшган жиноятчиликда айблаш бўйича далиллар мавжудлигини таъкидлади.
“Бу ойлар ва йиллар давомида ишлаб келинган, назоратга олинган нарсалар. Нимага йиллар, нимага ойлар? Биз ҳаммасига керакли, етарли далиллар топганимиздан кейин бу тадбирларни амалга оширганмиз.
Бугунги кунда ушбу тадбирларни амалга оширишда қанақадир далилларимиз етмаслиги ёки қаердадир камчиликка йўл қўйиб қўйишимизни, сиз айтганингиздек, кимдир чиқиб кетиб қолишини... Тўғри, бунга аввало тергов билан суд баҳо беради, лекин биз ҳам процессуал қоидаларни биламиз. Биз ҳам жиноят классификацияларини тушунамиз. Ва бу ерга келган, ҳозирги асосий фамилиялари тилга олинган шахслар – уюшган гуруҳ. Мана деярли 11-кун ишлаётган бўлсак, буларни уюшган гуруҳ тартибида ҳаракатланган, деб қўрқмасдан айта оламиз. Сабаби, кеча терговчилар томонидан қўшимча далилларга асосан бир қатор шахсларнинг уюшган жиноятчилик тартибида ҳаракатлангани маълум бўлди”, дейди Тошхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, Дониёр Тошхўжаев қўлга олинганларнинг амалдорлар билан алоқалари ҳақида ҳозирча маълумот йўқлигини айтганди. Шунингдек, у ички ишлар органлари ходимлари ва туманлардаги “криминал авторитет”лар ёки “смотрящий”лар орасида қандайдир боғлиқлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, ИИО ходимлари аяб ўтирилмасдан жазоланишини таъкидлади.
LiveБарчаси