Шоҳжаҳон Эргашев промоутеридан енгилроқ жанг сўради

Спорт

image

Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шоҳжаҳон Эргашев IBF'дан чемпионлик жангига қадар яна битта енгилроқ жанг сўради. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

Унга кўра, супер енгил вазн тоифасида IBF камари соҳиби пуерто-риколик Сабриель Матиас ташкилотдан ҳимоя жанги олдидан битта жанг ўтказишни сўраган. Натижада у Россия ва Қозоғистон икки фуқаролигида бўлган Сергей Липинец билан жанг қилишга келишиб олган. 

Маълумот учун, Липинец ҳам мазкур вазнда IBF версияси бўйича 2017-2018 йилларда чемпионлик мақомида бўлган.

“Матиас ҳимоядан олдин IBF'дан битта жанг сўраган. Ҳозир у собиқ чемпион Липинетс билан жангга келишиб олган. Шу боис мен ҳам ташкилотдан чемпионикка қадар битта енгилроқ жанг сўрадим.  Оёғимдаги жароҳат сабаб жиддий жангдан олдин битта енгилроқ баҳсда қатнашиб, тикланиб олишим керак. Худо хоҳласа, 12 август куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган катта бокс оқшомида рингга чиқаман”, дейди Эргашев.

Спортчининг промоутери Дмитрий Салитага кўра, у аллақачон бу борада иш олиб бормоқда ва Эргашевнинг спорт формасини тиклаб олиши учун битта енгилроқ жанг айни муддао бўлади.

“Дема ҳозир 12 августдаги жанг устида ишламоқда, мен ўша бокс оқшомида 100 фоизлик эҳтимол билан рингга кўтариламан. Бу жароҳатим битиб, ўзимни тиклаб олишимга ҳам ёрдам беради”, дейди Шоҳжаҳон Эргашев.


Мақола муаллифи

Теглар

Шоҳжаҳон Эргашев IBF Сабриель Матиас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг