Шимолий Корея Япон денгизига яна ракета учирди
Олам
−
25 Июль 2023
3133Кеча, 24 июль куни Шимолий Корея яна иккита баллистик ракетани учирди. Бу ҳақда Япония Мудофаа вазирлигига таяниб, NHK телеканали хабар берди.
КХДРнинг жорий ракета учириши йил бошидан бери ўн тўртинчи марта амалга оширилаётган бўлиб, бу сафар ракеталар 350 дан 400 километргача учиб, Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасидан ташқарига – Япон денгизига қулаган. Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Хироказу Мацуно учирилган баллистик ракеталар сунъий йўлдошларни орбитага чиқаришга уринмаганини маълум қилган.
Бугун, 25 июль куни АҚШ, Жанубий Корея ва Япониянинг юқори мартабали дипломатлари Шимолий Кореянинг мазкур ҳаракатини муҳокама қилган. Телефон орқали мулоқотда Япония Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ва Океания департаменти бошлиғи Такэхиро Фунакоши, АҚШнинг КХДРдаги махсус вакили Сон Ким ва Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Корея ярим оролидаги тинчлик ва хавфсизлик бўйича махсус вакили Ким Гон иштирок этган.
Томонлар Пхеньяннинг давом этаётган ракета учиришлари минтақавий ва халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид эканини айтган. Дипломатлар уч томонлама форматда яқин ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини тасдиқлаган.
Бошқа тарафдан, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Ли Хунчжонг бошчилигидаги Хитой делегацияси КХДРга йўл олмоқда. Эртага, 26 июль куни Хитой делегацияси Корея урушидаги сулҳнинг 70 йиллигини нишонлаш маросимида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея жорий йилнинг 12 июль куни “Хвасон-18» қитъалараро баллистик ракетасини, 19 июль куни Япон денгизи йўналиши бўйича яна иккита баллистик ракетани, 22 июль куни эса Сариқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталарни учирганди. КХДРнинг БМТдаги доимий вакили Ким Сон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ракета синовлари мамлакатнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқига мувофиқ амалга оширилаётганини билдирганди. Шундан сўнг, Европа Иттифоқи ва G7 давлатлари ҳамда Австралия, Жанубий Корея ва Янги Зеландия Хитойдан Шимолий Кореяга ёрдам бермасликни сўради. АҚШ эса ядровий қуролга эга стратегик сув ости кемаларини Жанубий Кореядаги портларига киритди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь