Шимолий Корея Сариқ денгизга ҳам ракета учирди
Олам
−
22 Июль 2023
3675Бугун, 22 июль куни Шимолий Корея Сариқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталарни учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея штаб бошлиқлари қўмондонлигига таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Қўмита маълумотларига кўра, ракеталар эрталаб соат 04:00 лар атрофида учирилган ва денгизга қулаган. Жанубий Корея ва АҚШ разведка идоралари айни пайтда ракеталар тури ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун парвозларни таҳлил қилмоқда.
Маълумот учун, Сариқ денгиз Осиёнинг шарқий қирғоғида, Корея ярим оролининг ғарбий қисмида жойлашган Тинч океанининг саёз шельфли денгизи саналади. Бу ном Хитой дарёлари, хусусан, Хуанхэнинг чўкиндилари ва чанг бўронлари натижасида ҳосил бўлган сув рангидан келиб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июль куни ҳам Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилигида қаттиқ ёқилғи двигателига эга “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетаси синовдан ўтказилганди. 13 июль куни Жакартада Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси Ташқи ишлар вазирлари Шимолий Корея томонидан ракета учирилишидан хавотир билдирди ва Корея ярим оролининг ядросизланиши тарафдори эканини маълум қилди. Жанубий Корея ҳукумати Пхеньянга нисбатан санкцияларни кенгайтирди.
БМТ эса Шимолий Кореянинг баллистик ракетаси Россиянинг эксклюзив иқтисодий зонасига қулаганини билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни рад этди. Вазирлик расмий вакили Мария Захарова бу ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини айтди. КХДРнинг БМТдаги доимий вакили Ким Сон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида учиришлар мамлакатнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқига мувофиқ амалга оширилаётганини айтди.
19 июль куни Шимолий Корея Япон денгизи йўналиши бўйича яна баллистик ракета учирди.
LiveБарчаси