Шимолий Корея Япон денгизи томон яна 2 та ракета учирди
Олам
−
19 Июль 2023
3785Шимолий Корея Япон денгизига баллистик ракета учирди. Бу ҳақда бугун, 19 июль куни “Kyodo” агентлиги хабар берди.
Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, 19 июль куни соат 03:29 ва 03:45 атрофида Шимолий Кореянинг ғарбий соҳиллари яқинидан шарқий йўналишда жами иккита баллистик ракета учирилган.
Ракеталарнинг парвоз масофаси тахминан 550 дан 600 километргача ва максимал баландлиги тахминан 50 километрга етган. Иккала ракета ҳам тартибсиз траекторияларда учган бўлиши мумкин. Япония кемалари ва самолётларига етказилган зарар ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмаган.
Айтиш жоизки, ракета учирилиши Жанубий Корея ва АҚШ Ядро маслаҳат гуруҳининг илк йиғилишини ўтказганидан бир кун ўтиб содир бўлган.
Билдирилишича, ҳозирда ҳарбийлар учирилган ракета турини аниқлаш бўйича текширув олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 июль куни ҳам Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бошчилигида қаттиқ ёқилғи двигателига эга “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетаси синовдан ўтказилганди. 13 июль куни Жакартада Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси Ташқи ишлар вазирлари Шимолий Корея томонидан ракета учирилишидан хавотир билдирди ва Корея ярим оролининг ядросизланиши тарафдори эканини маълум қилди. Жанубий Корея ҳукумати Пхеньянга нисбатан санкцияларни кенгайтирди.
БМТ эса Шимолий Кореянинг баллистик ракетаси Россиянинг эксклюзив иқтисодий зонасига қулаганини билдирди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотларни рад этди. Вазирлик расмий вакили Мария Захарова бу ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини айтди. КХДРнинг БМТдаги доимий вакили Ким Сон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида учиришлар мамлакатнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқига мувофиқ амалга оширилаётганини айтди.
LiveБарчаси