Шимолий Корея Пхеньяндан баллистик ракета учирди
Олам
−
13 Апрель 2023
5631Бугун, 13 апрель куни Шимолий Корея Пхеньян чеккасидан Япон денгизи томон ўрта ёки узоқ масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Корея Республикаси Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, ракета учириш маҳаллий вақт билан 07:23 да (Тошкент вақти билан 03:23) қайд этилган. У тахминан 1000 км масофани босиб ўтган. Снаряд юқори бурчак остида учирилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, агар ракета нормал бурчак остида отилганида, у тахминан 5000 км масофани босиб ўтиши мумкин эди. 5500 километрдан ортиқ масофага учадиган ракеталар эса қитъалараро баллистик ракеталар қаторига киради, шунинг учун ҳам Пхеньян қитъалараро ракетани учиргани тахмин қилинмоқда.
“Биз АҚШ билан яқин ҳамкорликда кузатув ва ҳушёрликни кучайтиришга тўлиқ тайёрмиз. Шимол томонидан баллистик ракета учирилиши БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг очиқдан-очиқ бузилиши ҳамда Корея ярим ороли ҳамда бутун дунёда тинчлик ва барқарорликка путур етказувчи қўпол провокациядир”, дейилади Корея Республикаси штаб бошлиқлари қўмитаси баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 23 март куни Шимолий Корея радиоактив цунамини келтириб чиқара оладиган сув ости ядровий зарба берувчи дронни синовдан ўтказган эди. Шунингдек, Ким Чен Ин Шимолий Корея ҳарбийларига ҳақиқий урушга тайёргарлик кўриш учун машқларни кучайтиришни буюрган эди. 4-7 апрель кунлари эса КХДРнинг Haeil-2 дрони сув остида 1000 километр масофани босиб ўтган ва синов каллагини портлатганди.
LiveБарчаси