Шимолий Корея хакерлари ядровий дастур учун 3 млрд доллар ўғирлади

Олам

image

Шимолий Корея хакерлари 2017 йилдан буён қарийб 3 миллиард долларлик криптовалюталарни ўғирлаб кетишди. Бу ҳақда Microsoft’нинг 15 октябрь куни эълон қилинган 2024 йилги Киберхавфсизлик ҳисоботида сўз боради.

Қайд этилишича, ўғирланган пуллар Пхеньяннинг ядровий дастурини молиялаштириш учун ишлатилган. Microsoft ушбу маблағлар Шимолий Кореянинг ядро қуролини яратиш харажатларининг ярмидан кўпини қоплаганини таъкидлади. Бундан ташқари, биргина 2023 йилнинг ўзида 600 миллиондан 1 миллиард долларгача пул ўғирланган.

Ҳисоботда, шунингдек, ўтган йилдан бери компания Шимолий Кореянинг бир нечта янги гуруҳларини аниқлагани кўрсатилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, рақамларнинг ортиши Ким Чен Ин режими товламачилик билан боғлиқ хакерлик фаолиятидаги иштирокини кенгайтираётганидан далолат бериши мумкин.

“Хакерлик муҳитида Шимолий Кореядан ташқари Россия, Хитой ва Эрон гуруҳлари ҳам фаол”, дея таъкидлайди Microsoft.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги, Буюк Британия Миллий киберхавфсизлик маркази ва Жанубий Корея Миллий разведка хизматининг қўшма ҳисоботида шимолий кореялик хакерлар бутун дунё бўйлаб компаниялардан махфий маълумотларни ўғирлашда айбланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шимолий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг