КХДР хакерлари компаниялардан махфий маълумотларни ўғирлашда айбланмоқда
Олам
−
26 Июль
3072Шимолий кореялик хакерлар бутун дунё бўйлаб компаниялардан махфий маълумотларни ўғирлашда айбланмоқда. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги, Буюк Британия Миллий киберхавфсизлик маркази ва Жанубий Корея Миллий разведка хизмати қўшма ҳисоботида сўз боради.
Билдирилишича, Шимолий Корея томонидан қўллаб-қувватланадиган Andariel хакерлар гуруҳи (Apt45 номи билан ҳам танилган) танклар, сувости кемалари, жанговар самолётлар, ракеталар ва радар тизимлари ишлаб чиқарувчиларининг компьютер тизимларига ҳужум қилмоқда.
АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Корея давлат идораларининг таъкидлашича, Япония ва Ҳиндистондаги турли саноат тармоқлари ҳам нишонга олинган. Қўшма баёнотга кўра, Andariel кибергуруҳи “АҚШдаги айрим соғлиқни сақлаш ташкилотларига қарши тўлов дастури орқали жосуслик фаолиятини молиялаштиради”.
АҚШ Адлия вазирлиги кибергуруҳ аъзоси бўлган Шимолий Корея фуқароси Рим Жонг Хёкни АҚШ тиббиёт муассасаларига киберҳужум уюштирганликда айблади. Вазирлик маълумотларига кўра, Шимолий Корея фуқароси бу ердан олинган тўловлардан фойдаланиб, бутун дунё бўйлаб давлат идораларига қарши хакерлик фаолиятини амалга оширган.
Айблов хулосасида айтилишича, Рим Жунг Хюк ва бошқа шимолий кореялик хакерлар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита базаси, NASA ҳамда Тайвань, Жанубий Корея ва Хитойдаги бир қанча ташкилотлар тизимларини бузиб киришга уринган.
Қайд этилишича, Рим Чен Хюкнинг жойлашуви ёки шахсини аниқловчи маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот белгилаган.
2023 йил бошида БМТ Шимолий Корея 2022 йилда ўтган йилга нисбатан кўпроқ рақамли пул ўғирлаганини маълум қилди. Халқаро кузатувчиларнинг айтишича, ўғирланган маблағ Шимолий Кореянинг санкциядаги ядровий ва ракета дастурлари учун сарфланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ ва Буюк Британия Хитойнинг APT31 хакерлар гуруҳини сиёсий арбобларга қарши кибержосусликда айблаганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси