Шифокорни урган ФҲДЁ ходими иши судга оширилди

Жамият 3510
image

Аввалроқ, Бухоро вилоятининг Жондор туманида ФҲДЁ ходими шифокорни калтаклагани ва Spark автомобилида унинг Cobalt`ига қасддан бир неча марта бориб ургани ҳақида хабар берган эдик.

Бухоро вилояти ИИБ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди. Жорий йилнинг 11 август куни соат 20:45 да Жондор туман ИИБ Навбатчилик қисмига туман тиббиёт бирлашмасида жанжал бўлаётганлиги бўйича келиб тушган хабарга асосан тергов-тезкор гуруҳи ходимлари зудлик билан ҳодиса жойига етиб боришган.

Маълум бўлишича, Cobalt русумли, 80 557 ТАА давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси, Жондор туман Кўлиён маҳалласида яшовчи, туман тиббиёт бирлашмасида шифокор бўлиб ишловчи, 1955 йилда туғилган фуқаро Т.Д. ва шу маҳаллада яшовчи, Spark русумли, 80 Z 032 МА давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси, туман ФҲДЁ бўлимида ишловчи, 1980 йилда туғилган Қ.В. ўртасида ўзаро шахсий келишмовчилик туфайли жанжал келиб чиққан. Spark автомашинаси хайдовчиси алкоголли ичимлик таъсирида бўлгани сабаб жаҳл устида автомашинасининг олд қисми билан Cobalt автомашинасининг орқа қисмига бориб уриб, йўл транспорт ҳодисаси содир қилган.

Фуқаро Қ.В. тергов-тезкор гурух ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, Cobalt ва Spark автомашиналари туман ИИБ ЙХХБ жарима майдончасига киритиб қўйилган.

Мазкур холатда ЙТҲ бўйича туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан фуқаро Қ.В.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-модда 2-қисми (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш), 134-моддаси (ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши) ҳамда 135-модда 3-қисми (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) билан, шунингдек, жанжал ҳолати юзасидан фуқаро Қ.В.га нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) билан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Жондор туман Маъмурий судига юборилган.

 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 33
Рейтинг: 3.2
t
×