Шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтоннинг уйига ўғри тушди
Олам
−
1301 2 дақиқа
Британиянинг марҳум қироличаси Елизавета II шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтонга тўй совғаси сифатида берган шаҳар ташқарисидаги уйга ўғри тушди. Вертолёт ёрдамида олиб борилган қидирувлар натижасида икки киши қўлга олинди. Ҳодиса содир бўлган пайтда қироллик жуфтлиги ва уларнинг фарзандлари уйда бўлмаган. Бу ҳақда “The Sun” хабар берди.
Британия тахти вориси шаҳзода Уильям ва унинг рафиқаси Кейт Миддлтоннинг шаҳар ташқарисидаги уйи – Анмер-ҳоллга икки нафар ўғри тушди. Қироллик оиласига тегишли Сандрингем ҳудудидаги ҳодисадан сўнг полиция бўлинмалари ҳаракатга киришган.
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни кечқурун Норфолк полицияси шубҳали фаоллик ҳақида хабар олгач, ушбу ҳудудда кенг кўламли қидирув ишларини бошлаган. Полиция итлари, дронлар ва вертолётдан фойдаланилган тадбирлар натижасида икки нафар эркак ўғрилик ва ноқонуний равишда киришда гумонланиб қўлга олинган.
Маълум бўлишича, ҳодиса содир бўлган пайтда шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтон фарзандлари Жорж, Шарлотта ва Луи билан бирга шаҳар ташқарисидаги уйда бўлмаган. Хабар қилинишича, оила Виндзордаги қароргоҳида бўлган. Кенсингтон саройи хавфсизлик масалалари бўйича ҳеч қандай баёнот бермаслигини эълон қилган.
Маълумот учун, ўғрилик гумони билан тергов бошланган 10 та ётоқхонали қаср 2011 йилда қиролича Елизавета II томонидан шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтонга тўй совғаси сифатида топширилган. Қироллик жуфтлиги хусусий ҳовуз ва теннис кортига эга ушбу қасрдан таътил пайтларида фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Пари Сен-Жермен” ҳужумчиси Дезире Дуэнинг уйига номаълум шахслар томонидан ўғриликка уриниш бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси