Weekend: Намойишлар гирдобидаги Туркия, Россия ерларига “мўралаган” шаҳзода, Ғазога қайтган геноцид.
Таҳлил
−
23 Март
6085Тўнтариш иси
Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан бошланган намойишлар борган сари кучаймоқда. Бу норозиликлар аллақачон юз минглаб инсонларни кўчага чиқишга ундади. Юзлаб намойишчилар қўлга олинди. Мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси раҳбари Ўзғур Ўзел мухолифат намойишларни давом эттиришини билдирган ва ҳуқуқ-тартибот органларини намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ ва қуроллардан фойдаланмасликка чақирган.
Маҳаллий ОАВга кўра, полиция намойишларни бостиришда ҳатто резина ўқлардан фойдаланган, аммо ҳукумат бундай айбловларни инкор этмоқда. Митинглар давомида бир неча намойишчилар тиббий ёрдамга муҳтож бўлган, ўнлаб полициячи эса жароҳат олган. ЖХП эса бошқа мухолифларни ҳам қаршилик ҳаракатига жалб қилди. “Зафар партияси” ЖХП га қўшилмаслигини эълон қилган бўлса-да, DEM партия сўнгги намойишларда Сарачхонада пайдо бўлган.
Экрем Имомўғлининг ўзи эса дастлабки кўрсатмаларида унга қўйилган барча айбловларни рад этди. Жумҳурият халқ партияси етакчиси Ўзғур Ўзел Имомўғли терговга дастлабки кўрсатмаларини берган куни, яъни 21 март санасида Бейликдузу муниципалитетида нутқ сўзлади. У бутун Туркия аҳолисини ифторликдан сўнг, кўчага чиқишга ва намойишлар ўтказишга чақирди. Ўзел Туркия халқини кўчага чиқишга чорлар экан, намойишчиларга полицияга тегмаслик, уларга куч ишлатмасдан ҳаракат қилиш лозимлигини уқтирди. Давлет Баҳчели ва кўплаб амалдорлар, хусусан, Адлия вазири Йилмаз Тунч, Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ҳамда бошқалар Ўзғур Ўзелдан “овозини ўчиришни” талаб қиляпти. Улар халқни намойишга чорлаш масъулиятсизлик эканини айтишмоқда. Аммо Ўзел ҳаракатларни тўхтатгани йўқ. Унинг 21 март куни янграган чақириғи ортидан Туркиянинг қатор ҳудудлари, жумладан, Истанбул, Анқара ва Измир каби катта шаҳарларида юз минглаб одамлар кўчага чиқди. Истанбул ҳокимлиги биноси олдида йиғилган намойишчиларга Жумҳурият халқ партияси етакчиси Ўзғур Ўзел мурожаат қилган. Ўзел Эрдўғанни “адлияни сиёсий қурол сифатида ишлатаётганликда” айблаб, “биз бунга йўл қўймаймиз” деб таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Эрдўған намойишлардан қўрқмоқда.
Истанбулда намойишчилар Сарачхона ҳудудидаги шаҳар ҳокимлиги биноси олдида йиғилган. Уларни тарқатиш учун ҳам вақти-вақти билан кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатилган. Баъзилар шаҳар ҳокимлиги биносига киришга ҳаракат қилган, бироқ хавфсизлик ходимлари бунга йўл қўймаган. Шундан сўнг, намойишчилар бинонинг ойналарини синдирган. Истанбулда намойишчилар нафақат Имомўғлини озод этиш, балки ҳукумат истеъфосини ҳам талаб қила бошлаган.
Тўқнашувлар Анқара ва Измирда ҳам кузатилмоқда. Полиция намойишчиларга қарши сув пуркагичлар ва кўзни ёшлантирувчи газ ишлатаётгани айтилмоқда.
Измир шаҳрида намойиш ва марш юриши тақиқланганига қарамай, норозиликлар давом этмоқда. Полиция махсус машиналар билан сув пуркаб ва кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатиб, намойишчиларга қарши чоралар кўрган.
Анқарада эса намойишчилар Ўрта Шарқ техник университети олдида тўпланган. Улар баннерлар кўтариб, шиорлар айтиб, полицияга қаршилик кўрсатган. Баъзи намойишчилар полицияга ёнувчи моддалар улоқтирган. Бир гуруҳ одамлар эса Эскишаҳар йўлини тўсган, оқибатда Қизилой томонга ҳаракат қисқа вақтга тўхтаб қолган. Баъзи автомобиллар ҳаракатни давом эттириш учун қарама-қарши йўналишга чиққан. Турли жойларда полицияга тўқмоқ ва тошлар улоқтирилган, оқибатда уч нафар полиция ходими жароҳат олган.
Анталия шаҳрида ҳам Имомўғли ҳибсга олиниши ортидан намойишчилар ва полиция ўртасида кескинлик юзага келган. Кечки соатларда Акдениз университети кампусида йиғилган талабалар ташқарига чиқиб, юриш ўтказмоқчи бўлган. Бироқ кампусдан чиққан намойишчилар ва университет дарвозаси олдида тўпланган гуруҳга полиция махсус машина билан сув пуркаб, вазиятга аралашган. Тўқнашув вақтида 30 га яқин киши ҳибсга олинган.
Намойишлардаги тартибсизликларга кўз юмилмаяпти. 21 март куни кечқурун тақиқларга қарамай, мамлакатнинг йирик шаҳарларида тўпланганлар орасидан жами 343 киши ҳибсга олинди. Ҳибсга олинганлар Истанбул, Анқара, Измир, Адана, Анталия, Чаноққала, Эскишеҳир, Коня ва Эдирне шаҳарларидан экани маълум қилинди. Маълумотларга кўра, айни пайтда намойишларда 300 мингдан ортиқ одам қатнашмоқда. Бу эса Туркияда сўнгги ўн йилликдаги энг йирик норозилик намойишлари экани айтилди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса мухолифатни намойишлар баҳонасида ўзларининг коррупцион схемалари ва талон-торожларини яширишда айблади. Эрдўған, шунингдек, ҳукумат “Туркияни террор қилишга уринишлар” ва мамлакат барқарорлигини бузишга қаратилган ҳаракатларга тоқат қилмаслигини билдирган. Унга кўра, митингларга чақириқлар “умидсиз йўл” бўлиб, бундай ҳаракатлар қонунга зид. Унинг сўзларига кўра, мухолифат Туркия халқининг барқарорлигига таҳдид солмоқда, уни норозилик намойишларига чорлаяпти, бу эса полициячиларнинг жароҳат олишига сабаб бўлмоқда. Эрдўған эса ҳукумат мамлакатдаги кўча тартибсизликларини эътиборсиз қолдирмаслигини айтди.
Аммо Эрдўған намойишларни изоҳлар экан, қўпол риторик хатога йўл қўйди. У норозилик ҳаракатларини “кўча террори” ва “тартибсизлик” деб атади. Эрдўған давлат “кўча террорига” таслим бўлмаслигини таъкидлади ва Туркиянинг “кўчадан топиб олинмаганини” таъкидлади. Эрдўғаннинг шу баёнотидан сўнг ижтимоий тармоқларда 2016 йилги давлат тўнтариши ёдга олинди. Тармоқ фойдаланувчилари бу билан Туркия халқи айнан ўша кўчага чиқишлар орқали Эрдўған ҳокимиятини сақлаб қолганига ишора қилишди.
Имомўғли тарафидаги воқеалар сония сайин янгиланмоқда. Ҳар дақиқада у ва унинг партияси томонидан ташкиллаштирилаётган намойишлар ҳақида янги тафсилотлар пайдо бўляпти, янгиланяпти, воқеалар ривожи тез-тез ўзгаряпти. Шу чоққача содир бўлган ишлар эса қуйидагича. Кеча кечки соатларда Имомўғли ва қолган гумонланувчилар ортилган автобуслар Чағлаён суд биносига олиб борилди. Бунгача эса унинг минглаб тарафдорлари аллақачон маҳкама атрофида тўпланишганди. Бу пайтда намойишлар ўчоғига айланган Сарачхона майдонидаги олов ўчмади. Ватан партияси раиси Муҳаррам Инже ва бошқа мухолифлар Сарачхонани ҳувуллатиб қўймади. Тергов эса икки босқичда кечгани ҳақида хабар қилинди. Имомўғли биринчи бўлиб, террор масаласида, кейин эса коррупция бўйича тергов қилинган. Иккала иш бўйича ҳам судга уни ҳибсга олиш талаби юборилган.
23 март куни суд қарори билан Имомўғли “коррупция” тергови доирасида ҳибсга олинди.
Истанбул Бош прокуратураси Имомўғлининг “жиноий ташкилот тузиш ва бошқариш, пора олиш, товламачилик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда ёзиб олиш ва тендерда сохталаштириш” айби билан ҳибсга олинганини маълум қилди. Имомўғли айбловларни рад этди ва бу амалиётлар сиёсий эканини таъкидлади.
Бош прокуратура Имомўғли “қуролли террор ташкилотига ёрдам берганлиги бўйича кучли гумон” борлигини, аммо уни молиявий жиноятлар учун ҳибсга олиш қарори аллақачон чиқарилгани сабабли, унинг яна ҳибсга олиниши “ҳозирги босқичда зарур эмас”лигини билдирди.
Жумҳурият Халқ партияси эса бугун президентликка номзодини аниқлаш учун бирламчи сайловлар ўтказмоқда. Экрем Имомўғли бу сайловда ягона номзод.
Геноциднинг Ғазога қайтиши
Январь ойида ҲАМАС ва Исроил ўртасида тузилган сулҳ барбод бўлди. Исроил Ғазо секторининг маркази ва жанубида қуруқликдаги ҳарбий операцияларни қайтадан бошлади. ЦАХАЛ “хавфсизлик ҳудудини кенгайтириш” ва “эксклавнинг шимоли ва жанубида қисман буфер зонасини яратиш” баҳонаси билан яна қирғин бошлади. Исроил ҳарбийлари “Ғазо секторидаги операциялар учун тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатида” қолиши маълум қилинди. Орадан кўп ўтмай, яҳудий давлати ҳарбий идораси бутун Ғазо бўйлаб “кенг кўламли зарбалар” амалга оширилгани ҳақида ахборот берди. Ҳар доимгидек, зарбалар мотиви сифатида ҲАМАС ҳаракати инфратузилмасини йўқ қилиш кўрсатилди. Бироқ бунинг оқибатида сектордаги фаластинликларни кенг миқёсда қирғин қилиш бошланиб кетди. “Al Jazeera” нашрининг маълумотига кўра, 19 март куни Исроил ҳужуми оқибатида Ғазо бўйлаб 70 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Аммо бу Исроил қирғинлари оқибатида ҳалок этилганлар бўйича сўнгги рақамлар эмас. “Al Jazeera” Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, Исроил армиясининг қайта бошлаган ҳужумлари оқибатида қисқа вақт ичида камида 436 киши, жумладан 183 бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.
Кенг миқёсда яна қайтадан бошланган Исроил қирғини фақатгина тинч аҳоли билан чекланиб қолмаяпти. Гуманитар юмушлар билан шуғулланаётган халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ходимлари ҳам ЦАХАЛнинг нишонига айланган. Бу эса Нетаньяху режимининг Ғазодаги геноцидлари учун янгилик эмас. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Лойиҳа хизматлари бошқармаси Исроил ҳарбийлари томонидан Ғазо секторига берилган авиация зарбаси оқибатида БМТ ҳомийлигида фаолият юритаётган ташкилотлардан бирининг камида бир ходими ҳалок бўлгани, яна беш нафари оғир жароҳат олганини маълум қилди. Бошқарма баёнотида айтилишича, Исроил зарбаси оқибатида БМТга қарашли ташкилотларда ишлаётган олти нафар хорижлик жароҳатланган. Улардан бири оғир аҳволда “Шухада ал-Ақсо” шифохонасига олиб борилган, бироқ шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмаган. Қолган беш жабрланувчининг ҳам аҳволи айни дамда оғир экани таъкидланмоқда. Ҳодиса Ғазо сектори марказий қисмида жойлашган Дайр ал-Балах шаҳри яқинида содир бўлган. Мисрнинг “Ал-Қоҳира ал-Ихбария” телеканали манбаларига кўра, зарбага учраган БМТ ходимлари Ғазо секторидаги миналарни тозалаш ишлари билан шуғулланаётган бўлган.
Албатта, Ғазо секторида қисқа вақт ичида кенг кўламли қирғин бошланиб, унинг мақсади сифатида ҲАМАС инфратузилмаси йўқ қилиниши мақсад қилиб кўрсатилганидан сўнг, Исроил учун бунинг кичик исботи ҳам зарур. Шу боис Исроил кучлари Ғазо сектори жанубида ҲАМАС ҳаракатининг ҳарбий разведка бошлиғи Усама Табашни ўлдиргани ҳақида хабар берилди. Исроил армияси матбуот хизмати берган хабарга кўра, Ғазо жанубидаги ҲАМАС ҳарбий разведкаси бошлиғи ҳамда ҲАМАСнинг кузатув ва ўт очиш бўлими раҳбари бўлган Усама Табаш ўлдирилган. Табаш эса юқори мартабали ҲАМАС вакили ҳисобланиб, ташкилот учун муҳим оператив билим манбаи бўлган. У ҲАМАСда турли раҳбарлик лавозимларида, жумладан, Хон Юнус бригадасида батальон қўмондони сифатида ҳам ишлагани айтилади. Исроил армиясининг билдиришича, Табашнинг йўқ қилиниши ҲАМАСнинг разведка маълумотларини йиғиш ва қўшинларга зарар етказиш қобилиятини пасайтиради.
Халқаро майдонда эса мазкур ҳафта Ғазо атрофидаги воқеалар янада хавотирли тус олди. Хавотирлар бевосита сектор ва унинг ҳақиқий эгалари бўлган миллионлаб фаластинликларнинг тақдири билан боғлиқ. Негаки, Трамп Ғазо аҳолисини мутлақо ноқонуний тарзда, бутун дунё ҳамжамияти, умуман инсоният иродасига зид равишда ўз уйида ҳайдаб чиқариш мақсадидан қайтмаган. У бу борада ҳаракатларни давом эттиряпти. Жумладан, “Associated Press” хабарига кўра, Исроил ва АҚШ Ғазо секторидан фаластинликларни мажбурий кўчириш борасидаги тубан режа доирасида Шарқий Африка давлатлари билан музокараларга киришган. Қайд этилишича, АҚШ ва Исроил кўчириладиган фаластинликларни Судан, Сомали ва 1991 йилда Сомалидан мустақиллигини эълон қилган Сомалиленд минтақасига жойлаштириш бўйича келишувга эришишга ҳаракат қилган. Бироқ Судан расмийлари АҚШ таклифини рад этган. Сомали ва Сомалиленд вакиллари эса нашрга бу борада ҳеч қандай сўров олмаганини маълум қилган. AP'нинг ёзишича, бу алоқалар АҚШ ва Исроилнинг халқаро танқидларга қарамай, фаластинликларни депортация қилиш режасини илгари суришга қатъий қарор қилганидан далолат беради. Бу ҳам етмаганидек, яқин кунларда Миср Трампнинг манфур режаси доирасида ярим миллион фаластинликни вақтинчалик қабул қилишга розилиги ҳақида қатор хабарлар урчиди. Бироқ расмий Қоҳира бундай хабарларни ва эҳтимолларни зудлик билан рад этиб чиқди. Аммо қатор давлатларнинг Трампга берган рад жавоби билан Ғазо муаммоси ҳал бўлмаслиги аён бўлиб бормоқда. Чунки халқаро майдонни бир неча ой ичида чанг-тўзонга тўлдирган қария Ғазо борасида қатъий позицияда. У сектор борасидаги қонли маслаҳатлашувларни давом эттиряпти. Хусусан, “Axios” парталининг маълум қилишича, келаётган ҳафта бошида Исроил делегацияси Оқ уйга ташриф буюради. Улар Эрон бўйича стратегик маслаҳатлашувлар, Ғазо секторида ҳолат ҳамда Исроил ва Ливан ўртасидаги баҳсли чегарага доир музокараларни муҳокама қилади. Қайд этилишича, бу Дональд Трамп президентликка киришганидан бери АҚШ-Исроил Стратегик маслаҳатлашув гуруҳининг биринчи учрашувидир. Манбаларга кўра, Исроил делегациясига Стратегик масалалар бўйича вазир Рон Дармер ҳамда миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Цахи Ханегби раҳбарлик қилади. Делегация таркибида Миллий хавфсизлик кенгаши, ҳарбийлар, “Моссад”, Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Атом энергияси комиссияси вакиллари ҳам бўлади. АҚШ томонидан Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Уолтц, шунингдек, Давлат департаменти, Пентагон ва разведка идоралари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Россия чегарасига “мўралаган” шаҳзода
Ортда қолаётган ҳафтанинг пайшанба ва жума кунлари Буюк Британия қироли Чарльзнинг тўнғич ўғли шаҳзода Уильям Россия чегарасига жиддий бир хабар билан саёҳат уюштирди. Шаҳзода НАТОнинг Шарқий Европадаги операцияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Эстониянинг Тапа шаҳрида жойлашган Британия контингенти базасига ташриф буюрди. Британия тахтининг вориси 42 ёшли Уильям ҳарбий лагерда камуфляжда кўриниш берди ва ҳарбий техникаларни кўздан кечирган ҳолда Challenger-2 танкида ҳаракатланди. BBC хабарига кўра, Уильямнинг Эстонияга илк ташрифи катта сиёсий аҳамиятга эга ва бу Кремлга қаратилган ўзига хос сигналдир. Чунки мазкур воқеа Буюк Британия ва бошқа Европа давлатлари томонидан мудофаа харажатларининг оширилиши ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Европа хавфсизлигини таъминлашга ортиқ эътибор бериш нияти йўқлиги маълум бўлгандан кейин содир бўлди. Британия тахт вориси эса нафақат қитъа ичида, балки бутун дунё миқёсида ҳурматли сиёсий шахслардан бири ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис Европа Шарқидаги кескинлик ва воқеалар ривожи Трамп туфайли Москвага тош босаётган бир пайтда унинг Россия чегараси яқинида пайдо бўлиши оддий воқелик эмас. Устига-устак у ташриф буюрган Тапа ҳудуди Россиядан бор-йўғи 128 км узоқликда жойлашган. Шунинг учун қадам мазкур ҳафтада дунё ОАВ нинг эътиборини ўзига тортди.
Эстониядаги икки кунлик ташрифи давомида шаҳзода Уилям кўп миллатли ҳарбий кучлар таркибидаги британ аскарлари билан учрашган. Шаҳзода учун Тапа ҳарбий базаси полигонида экскурсия ташкил этилган. Ушбу база НАТОнинг “Кабрит” операцияси доирасидаги Буюк Британия ҳиссасининг бир қисми бўлиб, у заиф Болтиқ минтақасида альянснинг “коллектив хавфсизлик ва мудофааси”ни таъминлашга қаратилгани айтилади. Буюк Британия “Кабрит” операцияси доирасида Эстония ва Польшага тахминан 900 ҳарбий жўнатган. Ҳозирда Британия НАТОнинг шарқий қанотида 2,6 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчи ва 730 та ҳарбий техникани жойлаштирган. Шаҳзоданинг ҳарбий либосида НАТО белгиси бўлган. Унга жанговар гуруҳнинг дала ўқув жараёнлари кўрсатилган ва Эстония ҳамда Франция ҳарбийлари билан таништирилган. Шунингдек, у аскарлардан Россияга яқин ҳудудда хизмат қилиш тажрибаси ҳақида сўраган ва бу ўқув машғулотлари олдингиларига қараганда қанчалик реал туюлишини қизиқиб суриштирган. Содда қилиб айтганда Россия биқинида унинг эҳтимолий босқини шароитида хизмат қилиш қандай кечиши ҳақида сўраган. Шаҳзода нафақат Challenger-2 танки, балки Warrior пиёдалар жанговар машинаси, Франциянинг Griffon жанговар машинаси, реактив олов тизими, Trojan муҳандислик машинаси билан ҳам танишган, шунингдек, Archer мобил артиллерия тизимини бошқариб кўрган. Эстонияга ташриф чоғида ҳаво совуқ бўлишига қарамай, маҳаллий аҳоли шаҳзода билан кўришиш умидида уни қарши олишга чиққан. Бу эса Эстония Россия билан умумий чегарага эгалиги шароитида унинг ташқи ёрдам, айниқса НАТОдаги иттифоқчилар қўлловига муҳтожлигининг далили сифатида талқин қилинмоқда.
Икки жиноятчи мамлакат
БМТнинг Мустақил халқаро тергов комиссияси Россияни Украинага тўлиқ босқини давомида украиналикларни тизимли равишда ўғирлаш ва қийноққа солиш орқали инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблади. Комиссия ҳисоботига кўра, Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудларда кўплаб тинч аҳоли вакиллари ҳибсга олиниб, кейинчалик Россияга депортация қилинган. Айрим украиналиклар қийноқларга ва ҳатто жинсий зўравонликка дучор қилинган. Жиноятлар кенг миқёсли ва тизимли ҳужумлар доирасида содир этилган бўлиб, улар марказлашган давлат сиёсатига мувофиқ амалга оширилгани қайд этилган. Комиссиянинг аниқлашича, энг шафқатсиз қийноқлар одатда Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Россия Тергов қўмитаси ходимлари томонидан сўроқ жараёнларида қўлланган. Шунингдек, аёл маҳбусларга нисбатан қўшимча жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳам содир этилганлиги айтилади. Комиссия раиси Эрик Мёсе Россия ҳукумати бедарак йўқолганлар тақдири бўйича ҳеч қандай маълумот бермаганини айтиб, оқибатда украиналикларнинг оилалари “азобли мавҳумлик” ҳолатида қолаётганини таъкидлаган. Халқаро Қизил Хоч қўмитаси маълумотларига кўра, босқин бошланганидан бери 50 000 га яқин инсон бедарак йўқолган. БМТдаги Британия элчиси Саймон Менли “ҳибсга олинганларга нисбатан шафқатсиз муносабат кўламидан даҳшатга тушганини” билдирган. Россиянинг Женевадаги ваколатхонаси эса ҳисоботни “сиёсий тусга эга ва нохолис” деб атаб, уни изоҳлашдан бош тортган. Бу Москва учун бегона эмас. Чунки улар аввалроқ ҳам ҳарбий асирларга нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳақидаги айбловларни доимий равишда рад этиб келган.
Бугун дунёнинг икки нуқтасида шафқатсиз босқинчилик амалга оширилаётган бир пайтда, бошқа минтақадаги босқинчи ҳам инсониятга қарши жиноятлар юзасидан айбланиши одатий тусга кириб бўлди. Жумладан, Россияга қўйилган юқоридаги айбловдан бироз илгари, аниқроғи 13 март куни БМТнинг мустақил экспертлари Исроил жинсий зўравонликни уруш воситаси сифатида қўллаётганини ҳақидаги ҳисоботни эълон қилганди. Ҳужжатда геноцид амалиёти, жумладан, Ғазо сектори ва Шарқий Қуддусдаги аёллар клиникаларининг атайлаб вайрон қилиниши қайд этилган бўлиб, бу ҳолат фаластинликларнинг репродуктив ҳуқуқларини бузиши ва туғилиш даражасини назорат қилиш воситаси сифатида хизмат қилиши таъкидланган. Шунингдек, экспертлар Исроил ҳарбийларининг ҳаракатлари ҳомиладор аёллар ўлимининг ошишига сабаб бўлаётганини ҳам қайд этган. Чунки Фаластин аҳолисининг тиббий ёрдам олиш имконияти чекланган. Бундан-да даҳшатлиси эса шундаки, Исроил ҳарбийлари фаластинликларни омма олдида ечинишга мажбурлагани ва 7 октябрь воқеаларидан кейин “стандарт жазо амалиёти” сифатида жинсий жиноятлар содир этгани ҳақида даъволар ҳам бор. Хусусан, Исроил хавфсизлик кучлари фаластинликларга нисбатан мажбурий оммавий ечиниш, зўрлаш таҳдидлари каби жинсий зўравонлик ва жинсий характердаги ҳужумларни ўзининг одатий амалиёти сифатида қўллаши алоҳида қайд этилган. Ҳужжатда таъкидланишича, шу каби зўрлаш ҳаракатлари бевосита буйруқ асосида ёки Исроил ҳарбий раҳбариятининг сукут остида берган розилиги билан амалга оширилгани айтилади.
Трамп учун дуода бўлган Путин
Қўшма Штатлардаги янги маъмурият кун сайин нега Россияга нисбатан мулойим позицияда бўлаётгани ва босқинни тўхтатиш учун Владимир Путинга астойдил босим ўтказмаслик учун асослар қидирмоқда. 2024 йил июль ойида сайловолди ташвиқоти чоғида уюштирилган суиқасдда жароҳатланган “дўсти” Дональд Трамп учун ибодат қилган. Шунингдек, Путин АҚШ Президентига россиялик номаълум рассом томонидан чизилган портретини совға қилган. Бу ҳақда Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф журналист Такер Карлсон билан суҳбатда маълум қилди.
“Президент (Трамп)га ўқ узилганда у (Путин) маҳаллий черковга бориб, руҳоний билан учрашган ва Президент учун ибодат қилган. У АҚШ Президенти бўлгани ёки яна Президент бўлиши мумкинлиги сабабли эмас, балки улар дўст бўлгани учун, у дўсти учун ибодат қилган”, дейди Трампнинг махсус вакили.
Уиткоффнинг сўзларига кўра, Путин Трампга Россиянинг машҳур рассомларидан бири томонидан чизилган портретни ҳам совға қилган.
“Биласизми, бу шахсий даражага ўтиб кетди. Президент Путин Россиянинг етакчи рассомига Президент Трампнинг ажойиб портретини тайёрлашни буюртма қилган. У расмни менга берди ва уни уйга Президент Трампга етказишимни сўради. Мен уни уйга олиб келдим ва Президентга етказдим”, деди Уиткофф.
Унга кўра, АҚШ Президенти бу совғадан “шубҳасиз таъсирланган”. Уиткофф, шунингдек, Путинни “жуда ақлли” деб атаган ҳолда, КГБ ҳақида гапириб, мазкур тузилмага Совет Иттифоқининг фақат энг зукко одамлари қабул қилинган, дея Путинни роса мақтади. Бундан ташқари, махсус вакил Путин ва Трампнинг учрашуви яқин ойларда бўлиб ўтиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган. Унинг фикрича, икки Президентнинг олдинги музокараларини муваффақиятсиз деб баҳолаш “бемаънилик”.
Уиткофф интервью давомида келажакдаги тинчлик келишувининг асосий масаласи Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларининг мақоми эканини ҳам таъкидлаган. У Россия назоратидаги Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари ҳамда аннексия қилинган Қрим аҳолиси Москва ҳукмронлиги остида қолишга қарши эмас.
LiveБарчаси
Доллар курси яна тушди.
18:15