Шаҳбоз Шариф яна Покистон Бош вазири бўлди

Олам

image

“Покистон мусулмон лигаси” (ПМЛ) раиси Шаҳбоз Шариф Покистоннинг янги Бош вазири этиб сайланди. Мамлакат Миллий ассамблеясидаги (парламентнинг қуйи палатаси) овоз бериш жараёни PTV News телеканали томонидан намойиш этилди.

ПМЛ вакили, спикер Сардор Аёз Содиқ раислигидаги Миллий Ассамблея йиғилиши “Бирлашган Сунний Кенгаши” партияси депутатлари томонидан уюштирилган норозилик намойиши туфайли бир соатдан ортиқ кечикиш билан бошланди.

Янги чақириқ парламенти қуйи палатасининг 336 нафар депутатидан 201 нафари ПМЛ етакчисига овоз берди. Унинг Покистон ҳукумати раҳбари лавозими учун курашдаги рақиби, Миллий ассамблеянинг янги чақириқ депутатлигига мустақил номзод сифатида кирган “Адолат ҳаракати” партияси бош котиби Умар Аюб Хон 92 овоз олди. 

Кўпчилик овози билан ғалаба қозонган Шаҳбоз Шариф эртага, 4 март куни қасамёд қилади.

Маълумот учун, Шариф 2022 йилнинг апрелидан 2023 йилнинг августигача Покистон ҳукуматини бошқарган. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 9 август куни Президент Ориф Алви конституциянинг 58-1-моддасига мувофиқ, Бош вазир маслаҳати билан Миллий ассамблеяни тарқатиб юборганди. Бу билан Шаҳбоз Шариф ҳукумати ваколатлари ҳам тугатилганди. 12 август куни  Покистонда муваққат Бош вазир лавозимига “Балужистон Авами” партиясидан чиққан сенатор Анвар ул-Ҳақ Какар тайинланди.

Шаҳбоз Шарифдан ҳам олдинги собиқ бош вазир Имрон Хон ҳам 2024 йилнинг 8 февраль куни бўлиб ўтган республика парламентига сайловда номзод сифатида иштирок этмоқчи эди. Бироқ 30 январь куни у давлат сирлари ҳақидаги қонунни бузганликда айбланиб, ўн йиллик қамоқ жазосига, 31 январда эса рафиқаси Бушра Бибини билан бирга коррупция иши бўйича 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Кейинчалик Имрон Хоннинг аёли Бушра Биби биринчи турмушидан ажрашганидан кейин қонун бўйича 3 ой иддада ўтирмай, Имрон Хон билан никоҳдан ўтгани учун жуфтлик Равалпинди суди томонидан қўшимча 7 йиллик қамоқ жазоси ва 1800 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон Шаҳбоз Шариф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг