Имрон Хон яна сайловда иштирок этади
Олам
−
21 Декабрь 2023
5620Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон 2024 йилнинг 8 февраль куни бўлиб ўтадиган республика парламентига сайловда номзод сифатида иштирок этади. Бу ҳақда мухолифатдаги “Адолат ҳаракати” партияси раиси Гоҳар Хон маълум қилди.
Партия раисининг айтишича, қамоққа олинган собиқ бош вазир Покистондаги учта сайлов округи – Исломобод, Лаҳор ва Мианвалида ўз номзодини қўяди.
Мутахассисларнинг фикрича, Имрон Хон сайловда иштирок этиш учун узоқ давом этадиган ҳуқуқий курашга дуч келади. Собиқ бош вазир техник жиҳатдан парламентга кириш ҳуқуқига эга, аммо унга қарши кўплаб ишлар очилган.
Имрон Хон 5 август куни суд уни коррупция иши бўйича ҳибсга олишга ордер берганидан кейин полиция томонидан қўлга олинган. 29 август куни Покистон суди собиқ бош вазир Имрон Хонга нисбатан 3 йиллик қамоқ жазосини тўхтатиб, уни гаров пули эвазига озод қилди. Бироқ, 30 август куни Хон "давлат сирларини ошкор қилиш"да айбланиб, яна ҳибсга олинган.
Жорий йилнинг 2 декабрь куни Покистон сайлов комиссияси талабига биноан ўтказилган ички партиявий сайловлар якунлари бўйича Имрон Хоннинг адвокати Гоҳар Хон “Адолат ҳаракати” партиясининг янги раиси этиб сайланди. У партияга Имрон Хоннинг вакили сифатида раислик қилишини айтди. Партиянинг катта адвокати Али Зафарнинг таъкидлашича, Гоҳар Хоннинг тайинланиши вақтинчалик, чунки Имрон Хон Тошахона иши бўйича дисквалификацияси олиб ташланганидан кейин у партия раиси лавозимига қайтади.
LiveБарчаси