Покистонда мактаб томи ўқувчиларни босиб қолди. 18 киши ҳалок бўлди
World
−
12:12 463 1 minute
Покистоннинг Пешовар шаҳрида хусусий мактаб томи қулаши оқибатида 17 нафар ўқувчи ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда “24NewsHD” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса бугун, 15 октябрь куни эрталаб шаҳарнинг Деир колонияси ҳудудидаги “Al-Khair School System” мактабида юз берган. “Lady Reading” шифохонаси вакили Муҳаммад Осимнинг билдиришича, воқеа жойидан 17 нафар бола ва бир аёл ўқитувчининг жасади шифохонага олиб борилган. Бундан ташқари, 40 нафардан ортиқ жароҳатланган ўқувчи ва мактаб ходимлари ҳам шифохонага етказилган.
Жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда экани айтилмоқда. Шифохонага олиб борилган болаларнинг ёши 13 ёшгача бўлган. Қутқарувчилар вайроналар остида қолган бўлиши мумкин бўлган болаларни излаш ва жароҳатланганларни олиб чиқиш ишларини давом эттирмоқда. Ҳодиса жойида қутқарув гуруҳлари билан бирга полиция ва маҳаллий маъмурият вакиллари ҳам ишламоқда.
Билдирилишича, ҳозирча мактаб томининг нима сабабдан қулагани маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Панжоб вилоятида йўловчи поездининг рельсдан чиқиб кетиши оқибатида камида олти киши ҳалок бўлиб, 30 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All