Бухорода мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилиндими?
−
12:10 201 2 minutes
Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги 42-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари дарс вақтида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Таълим ва илм-фан бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 1958 йилда қурилган мактаб 800 ўринга мўлжалланган бўлса-да, ҳозирда бу ерда 1 329 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқувчилар учун қўшимча шароит яратиш мақсадида мактаб ҳудудида 540 ўринли янги бино қуриш режалаштирилган. Ҳозирда унинг смета-лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, мавжуд мактаб биносининг техник ҳолати ёмонлашган. Хусусан, мусиқа зали жойлашган учинчи қават томининг бир қисми қулаб тушган. Бошқа хоналарнинг том қисмида ҳам чўкиш ва конструктив деформациялар аниқланган.
Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг жорий йилнинг 9 ноябрдаги хатида мактаб бинолари фойдаланишга яроқсиз деб топилган ва улардан фойдаланишни тақиқлаш тавсия этилган.
Шу сабабли, ўқувчилар ва педагоглар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида таълим жараёни 44-сонли мактаб ҳамда Бухоро юридик коллежининг бўш турган биноларида давом эттирилиши режалаштирилган.
Бошқарма маълумотига кўра, 42-сонли мактаб ҳудудида таъмирлаш ишлари олиб борилмаяпти. Ҳозирда ўқувчилар ва педагогларни янги биноларга кўчириш, шунингдек, зарур жиҳозлар ҳамда ўқув воситаларини ташиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу ишлар кеча, 15 ноябрь куни мактаб техник ходимлари ва ихтиёрий равишда ёрдам бераётган ота-оналар иштирокида ташкил этилган. Бошқарма ўқувчилар жараёнда қатнашмаётгани ва ҳеч қандай меҳнат ишларига жалб қилинмаганини билдирган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда келтирилганидек, ўқувчиларнинг дарс вақтида таъмирлаш ишларига жалб этилиши ҳолати мавжуд эмас”, дейилади расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган Республика болалар тиббий реабилитация марказида болалар девор тозалаш ишларига жалб қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All15 November
Zangiotadagi binoda yong'in chiqdi
15 November
Sudan armiyasi nazoratni qayta tikladi
15 November