Шавкат Мирзиёев “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунни имзолади
Жамият
−
07 Январь 2020
8052Ўзбекистон Республикаси Президенти “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қонунга мувофиқ, давлат божи юридик аҳамиятли ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.
Консуллик йиғими ва патент божи ҳам давлат божи ҳисобланади.
Қонунга кўра, ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилар ҳисобланади.
Шунингдек, Қонунда давлат божини ундириш объектлари ҳамда давлат божи ставкаларининг миқдорлари белгиланди.
Қонун билан давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати белгилаб берилди.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судларда даъвогарлар иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар, алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Давлат божининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ундирилиши ва Давлат бюджетига ўз вақтида ўтказилиши устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
LiveБарчаси