Шаҳзода Гарри 4 та китоб чиқармоқчи. Улардан бири Елизавета II вафотидан сўнг нашр этилади
Олам
−
24 Июль 2021
4372Буюк Британия шаҳзодаси Гарри Британиянинг Penguin Random House нашриёти билан ўз хотираларидан иборат тўртта китобни нашр этиш тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда “Daily Mail” ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатган.
Таъкидланишича, иккинчи китоб Гаррининг бувиси — Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг вафотидан кейингина нашр этилади.
Сассекс герцогининг расмий баёнотида фақат битта китоб ҳақида сўз юритилган. Яна учта китоб борлиги ҳақида билган британияликлар невараси ўз хотираларини нашр этишини қиролича маъқулламайди, деб ўйлай бошлаган.
Таъкидланишича, шаҳзода Гарри ёзганларини кимошди савдосига қўйган. Дастлабки таклиф 25 миллион долларни ташкил қилган, якуний таклиф тахминан 40 миллион долларга етади деб тахмин қилинмоқда.
Маълумотларга кўра, шаҳзода Гарри ўз мемуарлари эвазига нашриётдан 20 миллион доллар олган. “Daily Mail” нашри Буюк Британия фуқаролари орасида сўровнома ўтказган, иштирокчиларнинг учдан икки қисми герцогнинг очиқ тарздаги мемуарларини ўқишга “умуман қизиқмаслигини” айтган.
Аниқлик киритилишича, герцогнинг рафиқаси Меган Маркл ҳам Penguin Random House нашриёти билан ўз китобини нашр этиш учун шартнома имзолаган.
Аввалроқ, Меган Марклнинг отаси Томас Маркл набиралари Арчи ва Лили билан кўришиш имкониятини таъминлаш учун судга мурожаат қилишни режалаштираётгани ҳақида хабар бергандик.
Маълумот ўрнида, ҳозирда шаҳзода Гарри рафиқаси ва икки фарзанди билан Санта-Барбара (АҚШ) шаҳрида яшайди. 2020 йилда Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қироллик оиласи билан келишган ҳолда “Зоти олийлари” унвонига ва SussexRoyal брендига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб, расмий қироллик вазифаларидан воз кечганликларини эълон қилганди.
LiveБарчаси