Меган Марклнинг отаси судга мурожаат қилмоқчи. Унинг мақсади нима?
Олам
−
23 Июль 2021
5454Буюк Британия шаҳзодаси Гаррининг қайнотаси Томас Маркл (Меган Марклнинг отаси — таҳр.) набиралари Арчи ва Лили билан кўришиш имкониятини таъминлаш учун судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “FoxNews” хабар берган.
Марклнинг айтишича, набиралари ота-оналарининг гуноҳлари учун азоб чекмаслиги керак.
“Арчи ва Лили ёш болалар. Улар сиёсатчилар эмас. Улар ўйиннинг бир қисми эмас. Улар ҳам қирол оиласига мансуб ва қирол оиласининг бошқа аъзолари билан бир хил ҳуқуқларга эга. Яқин келажакда Калифорния судларига набираларимни кўриш ҳуқуқини сўраб мурожаат қиламан”, дея таъкидлаган Маркл.
Шунингдек, у қироллик оиласини, хусусан, Елизавета II ни қариндош деб қабул қилишга тайёрлигини қўшимча қилган. Томас унинг ташрифидан ҳар қандай вақтда хурсанд бўлишини таъкидлаган.
Маълумотларга кўра, Меган Маркл шаҳзода Гарри билан турмуш қурган пайтда ота ва қиз ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган.
Аввалроқ, Буюк Британия шаҳзодаси Уильям укаси шаҳзода Гаррининг рафиқаси Меган Марклни ёқтирмаслиги айтилганди. Шу сабабли у укаси билан Британия қироличаси Елизавета II нинг турмуш ўртоғи Филиппнинг дафн маросимида ҳам жанжаллашгани маълум бўлганди.
Маълумот ўрнида, ҳозирда шаҳзода Гарри рафиқаси ва икки фарзанди билан Санта-Барбара (АҚШ) шаҳрида яшайди. 2020 йилда Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қироллик оиласи билан келишган ҳолда “Зоти олийлари” унвонига ва SussexRoyal брендига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб, расмий қироллик вазифаларидан воз кечганликларини эълон қилганди.