ШҲТ тузилмаси Қорақалпоғистондаги воқеаларга муносабат билдирди

Жамият 12864
image

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг (ШҲТ) минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашга уринишда ифодаланган Қорақалпоғистон Республикасидаги беқарорликка уринишларни қоралади. Бу ҳақдаги бугун, 4 июль куни ШҲТ МАТТ сайтида эълон қилинган баёнотда айтилади. 

“ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси конституцияга зид кўринишлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни қоралаб, жорий йилнинг 1 июлида содир бўлган воқеалар муносабати билан барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни сақлаш тарафдори”, дейилади баёнот аввалида. 

Алоҳида урғуланишича, ШҲТ минтақавий аксилтеррор тузилмаси ҳолат бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлайди. 

“[ШҲТ МАТТ] Қорақалпоғистонда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувлик ва кўпмиллатли Ўзбекистоннинг барча халқларининг тинч-тотув яшаши бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдиради”, дейилган баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 108
Рейтинг: 3.2
t
×