Сенаторлар фуқаролик тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу қонун билан нима ўзгаради?
Жамият
−
28 Февраль 2020
7623Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси иши давом этмоқда. Сенаторлар мажлис кун тартибидаги масалаларни янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишдан бошлади.
Қонуннинг амалдаги таҳрири 28 йил аввал қабул қилинганлиги ва унинг деярли барча нормалари эскириб, замон талабларига жавоб бермай қўйганлиги таъкидланди. Қонунда фуқаролик соҳасидаги маъмурий тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунчилик базасини яратиш, шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш ва бекор қилиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлаш назарда тутилган.
Қонун билан мустаҳкамланаётган янги нормалар ҳақида сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик масалалари бўйича комиссиянинг мақоми, асосий вазифалари ва ваколатлари белгилаб қўйилгани қайд этилди. Бундан ташқари, туғилган жойи ёки ота-онасининг фуқаролиги бўйича болаларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини белгилаш тартиби мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда идоралараро электрон ҳамкорлик механизмлари назарда тутилган.
Сўзга чиққанлар Қонун қабул қилиниши билан соҳага доир қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бир хилда бўлиши, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилиниши таъминланишига хизмат қилишини таъкидладилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Суратлар муаллифи: Баҳодир Аҳмедов
LiveБарчаси