Сенат таркибида янги қўмита ташкил этилди
Жамият
−
21 Октябрь 2020
5537Ўзбекисон Республикаси Олий Мажлиси Сенати таркибида янги Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташкил этилди. Юқори палатанинг тегишли қарори бугун, 21 октябрь куни ўтказилаётган ялпи мажлисда қабул қилинди.
Янги қўмита Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар (дастурлар) ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини бевосита ҳудуднинг ўзида эшитиш амалиётини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.
Қайд этилишича, Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга йўналтирилган 2017–2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланди. БМТнинг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Ҳудудда 2 млн. гектар яшил майдон барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Президент яқинда Жўқорғи Кенгес сессиясида Қорақалпоғистон Республикасини келгуси уч йилда ривожлантиришнинг 10 та устувор йўналишини белгилаб берди.
Мажлисда сенаторлар мазкур ташаббусларга ҳамоҳанг равишда ҳамда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда парламент иштироки ва назоратини кучайтириш мақсадида Сенатда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасини ташкил этиш, ушбу Қўмитанинг Низомини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Янги қўмитага Президент томонидан сенатор этиб тайинланган Борий Алихонов раис бўлди. Ботир Жолдасов қўмита раисининг ўринбосари этиб тасдиқланди.
Шунингдек, сенатор Наримон Умаров Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси этиб сайланди.