Сенат санъаткорлардан норози: Маданият вазирлигига сенатор сўрови юборилди

Маданият-санъат

image

Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларга мувофиқ Ўзбекистонда пандемия даврида тўй ва оилавий маросимларни 30 кишидан ошмаган тартибда ўтказишга рухсат берилган. Бироқ, ўтган вақт давомида “Браво” жамоаси аъзоси Аҳмад Темуров ва хонанда Воҳиджон Исоқов карантин қоидаларига зид равишда тўй ўтказди. Бу учун улар жаримага тортилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев Маданият вазирлигига санъаткорлар масаласида Сенат сўрови юборилганини маълум қилди. 

“Албатта, ёшларимизни янги оила остонасига қадам қўйганликлари билан табриклайман. Аммо коронавирус балоси ҳали ўз таъсир кучини кўрсатиб, кундан-кунга касалланиш ортиб бораётган бир вақтда махсус комиссия талабларига зид равишда 30 кишидан ортиқ меҳмонларни йиғиб, карантин тартиб қоидаларга риоя этмаслик ва охир-оқибат яқинларимизнинг соғлиғини, ҳаётини хавф остига қўйиш тўғрими?

Табриклаш учун келган ўндан ортиқ санъаткорларимиз ҳамда юзга яқин меҳмонларнинг ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш нима эканлиги ёдларидан ҳам чиқиб кетганлигини тарқалган видео ва фотолардан яққол кўриниб турибди.

Ахмад Темуров, Воҳиджон Исоқов ўрнатилган тартибда жаримага тортилганидан хабаримиз бор, бироқ бундай хатти-ҳаракатлар “тартиб қоидаларга зид равишда мана шундай тўй ўтказиб, белгиланган жаримани тўлаб кетиш билан осонгина қутулиш мумкин” деган нотўғри хулосалар шаклланшига сабаб бўлиши ёмон. Қолаверса, бундай тадбирлар касаллик тарқалишига олиб келмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди.

Ахир халқ кўз ўнгида юрган, санъат оламига дахлдор одам бошқалардан кўра маданиятлироқ бўлиши, керак бўлса, жамиятидаги хайрли ишлар ва янгиликларни амалга оширишга кўпроқ ҳисса қўшиб, ёшларга ўрнак кўрсатиши керак эмасми?    

Бу каби кўра-била туриб тартиб-қоидани менсимай бузганлар фақатгина маълум бир миқдорда жарима тўлаш билан қутулиши етарли эмасдек, назаримда. Жамият қоидаларига, инсонлар ҳаётига бунчалар беписандалик билан қараш кўринмас душман билан олишиб жонларини фидо қилган юзлаб шифокору-ҳарбийларимиз, юртдошларимиз хотираси ва меҳнатларига нисбатан ҳам ҳурматсизлик деб баҳолашга лойиқ”, дейди Бахтиёр Сайфуллаев. 

Собиқ Маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаевга кўра, ушбу ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Сенатор сўрови юборилган ва мазкур масала Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан назоратга олинган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бахтиёр Сайфуллаев Сенат тўй

Баҳолаганлар

303

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг