Сенат қонунни рад қилди. Янги жарима жорий қилинмайди
Жамият
−
11 Май 2020
17256Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига томорқа ер участкаларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги Қонуни муҳокама қилинди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ерга эгалик қилувчининг таклифига асосан белгиланган қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ҳақида расман огоҳлантирилганлигига қарамай томорқа ер участкасидан асоссиз равишда оқилона фойдаланмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи 65-1-модда билан тўлдирилмоқда.
Яъни, томорқага ўз танлови асосида бирон-бир қишлоқ хўжалик экини экмаган фуқаролар, аввал огоҳлантирилади. Кейин базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага солинади. Агар мазкур ҳолат маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилса, бу қиймат уч бараваридан беш бараваригача миқдорда бўлиши белгиланмоқда.
Бироқ ушбу норма амалиётда турлича талқин қилинишига олиб келиши мумкин. Жумладан, ундаги томорқа ер участкасидан “асоссиз равишда” ёки “оқилона” фойдаланмаслик ёхуд “самарасиз” фойдаланиш каби тушунчалар қонун ҳужжатларида очиб берилмаган. Бу эса тегишли идоралар томонидан жавобгарликка тортишда коррупция ва бошқа суиистеъмолликларга замин яратади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Президентининг кўрсатмасига асосан “Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Унда юқоридаги каби қонун ҳужжатларида мавҳум бўлган тушунчаларни очиб бериш, шахсий томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли даромадини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган қўшимча тез кунларда ўзининг долзарблиги ва аҳамиятини ҳам йўқотади.
Шу жиҳатдан қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь