Сайловчилар сайлов бюллетенларида нималарга эътибор бериши керак?

Жамият

image

Кўпчилик сайлов бюллетенлари ким томонидан тайёрланиши, унга қўйиладиган талаблар нималардан иборат эканига қизиқади. Мазкур материалда у қандай тайёрланади? Унда ҳар бир фуқаро манфаати ҳисобга олинганми ва бошқа масалаларга тўхталиб ўтганмиз.

Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

Маҳаллий Кенгашлар сайловига доир сайлов бюллетенининг шакли ва матни вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланади.

Номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми сайлов бюллетенига унинг туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи ва уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партия кўрсатилган ҳолда алифбо тартибида киритилади.

Сайлов бюллетенида уни тўлдириш тартиби тўғрисидаги тушунтириш бўлиши керак.

Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан тегишли округ аҳолисининг кўпчилиги сўзлашадиган тилларда нашр этилади.

Сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкин. Бу алифбо кўзи ожизлар учун бўлиб, унга асли франциялик бўлган Луи Брайл томонидан асос солинган.

Сайлов бюллетенлари ким томонидан тайёрланади ва етказиб берилади?

Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини овоз бериш кунига, шу жумладан муддатидан олдин овоз бериш кунига камида уч кун қолганида округ сайлов комиссияларидан олади. Сайлов бюллетенларининг топширилганлиги ҳамда қабул қилинганлигини округ ва участка сайлов комиссиясининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби тегишли ҳужжатда ўз имзоси билан тасдиқлайди.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони участка бўйича рўйхатларга киритилган фуқаролар сонига нисбатан ярим фоиздан ортиқроқ бўлиши мумкин эмас. Сайлов бюллетени ўнг томонининг юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияси томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сайлов

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг