Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтмоқда
Олам
−
26 Январь
5953Бугун, 26 январь куни Беларусда президентлик сайловлари бўлиб ўтмоқда.
Сайловда “президент” Александр Лукашенкодан ташқари яна уч номзод президентлик учун курашмоқда. Булар Либерал-демократик партияси етакчиси Олег Гайдукевич, Меҳнат ва адолат республика партияси раҳбари Александр Хижняк ҳамда Беларусь Коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котиби Сергей Сиранков иштирок этмоқда. Номзодлар орасида Миллий ассамблеянинг собиқ депутати ва ишбилармон аёл Анна Канопацкая ҳам бор. Шунингдек, сайлов бюллетенларида “барча номзодга қаршиман” деган пункт ҳам мавжуд.
Республика Марказий сайлов комиссияси берган хабарга кўра, президентлик сайловларида иштирок этганлар 50 фоиздан ошган. Минск вақти билан соат 12:00 да сайловчиларнинг 56,64 фоизи овоз берган. Сайлов рўйхатларида 6,9 миллион фуқаро бор. Сайловнинг энг юқори иштироки Гомель ва Брест вилоятларида қайд этилган – мос равишда 62,84 фоиз ва 61,34 фоиз. Энг кам сайловчи Минск шаҳри (51,29 фоиз) ва Минск вилоятида (54,27 фоиз) овоз берган.
Овоз беришда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда президентлик сайлови ўтган ҳисобланади. Агар овоз беришда қатнашганларнинг ярмидан кўпи унга овоз берган бўлса, давлат раҳбари сайланган ҳисобланади.
21-25 январь кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз беришда сайловчиларнинг 41,81 фоизи иштирок этди, уларнинг умумий сони, Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 6 миллион 900 минг 959 нафарни ташкил этди.
Александр Лукашенко 1994 йилдан бери Беларусь “президенти” лавозимини эгаллаб келади ва еттинчи марта президентликка номзод бўлмоқда. “Наша Нива” нашри манбаларига кўра, Александр Лукашенконинг навбатдаги президентлик муддати учун қайта сайланишидан олдин кучишлатар тузилмалар олдига сайловлардан олдин ёки овоз бериш вақтида норозилик билдириш эҳтимоли бўлганларни “филтрлаш” вазифаси қўйилган. Маълумотларга кўра, ҳудудларда олдиндан тинтув қилиш ва қўлга олиш учун мўлжалланган шахсларнинг рўйхати тузилган.
Шунингдек, кучишлатар тузилмалар сайловларнинг “ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодисаларсиз” ўтишини таъминлаши керак, жумладан, норозилик варақалари тарқатиш, овозларни шаффоф ҳисоблаш талаблари ёки Лукашенко номзодига қарши чиқишлар кузатилмаслиги зарур.
Сайловнинг якуний натижалари Марказий сайлов комиссияси томонидан 10 кун ичида – 5 февралдан кечиктирмай эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Лукашенко президентлик сайловида оммавий норозилик юз берса интернетни бутунлай ўчириб қўйишини маълум қилганди. Декабрь ойида Беларусь Марказий сайлов комиссияси мамлакатда 30 йилдан бери ҳукмронлик қилиб келаётган Александр Лукашенкони президент лавозимига номзод сифатида рўйхатга олди.