Сайлов натижалари қачон эълон қилинади ва у ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинми?
Жамият
−
22 Декабрь 2019
17242Кўпчиликда сайлов натижалари қачон эълон қилинади, натижалар қандай белгиланади, сайловда кўпчилик иштирок этмаса, натижалари қандай бўлади, сайлов ҳақиқий эмас деб топилиши учун қонунчиликда қандай асослар мавжуд, деган саволлар туғилмоқда. Шуларни инобатга олиб қуйида мазкур саволларга жавоб беришга ҳаракат қилганмиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади. Натижалар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади (ҳаммага маълум қилинади).
Маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади ва матбуотда эълон қилинади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилинади.
Сайлов натижаларини белгилаш қандай амалга оширилади?
Сайлов кодексига кўра, Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларининг ўзига келиб тушган баённомалари асосида:
1) Ўзбекистон Республикаси бўйича ёки вилоят, туман ва шаҳар бўйича сайловчиларнинг умумий сонини;
2) сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сонини;
3) овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини;
4) ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;
5) ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.
Сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб топилади.
Сайлов ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинми?
Сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Қонунчилик палатасига сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида бу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.
Маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайловни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва овоз бериш якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида бу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Айрим сайлов участкалари бўйича (Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови учун — округлар бўйича ҳам) сайлов ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, шундай участкалар (округлар) бўйича овоз бериш натижалари, агар бу натижаларсиз ҳам сайлов умуман бўлиб ўтган деб топилиши мумкин бўлса, тегишли комиссиянинг қарорига биноан сайловнинг умумий натижаларидан чиқариб ташланади.
Тегишли сайлов комиссияси овоз бериш якунлари бўйича баённома тузади ва қарор қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоятлар, шаҳар ва туман кенгашларига депутатлар сайлови Ўзбекистонда соат 20:00 да якунланади.