Сайлов мен учун катта мактаб бўлди – Алишер Қодиров (видео)

Жамият

Кеча, 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти сайлови “Миллий тикланиш” демократик партияси номзоди Алишер Қодиров учун мактаб вазифасини ўтади. Бу ҳақда у бугун, 25 октябрь куни партиясининг Президент сайловидаги иштироки натижалари бўйича ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

“Кейинги йилларда халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарди, ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилди. Мен Президент сайловида илк бор номзод сифатида иштирок этдим. Энг асосийси бу жараёнда ўзимнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий соҳалардаги билимларимни янада чуқурлашганини яққол айтишим мумкин. Бу мен учун катта сиёсий мактаб, тажриба вазифасини бажариб берди. Шу маънода ушбу сайловлар мен учун катта ҳаёт мактаби бўлди, деб очиқ айтишим мумкин.

Биз жойларда одамлар билан очиқ мулоқот қилиб, ўзимизнинг фикрларимизни, ғояларимизни одамларга тушунтиришга ҳаракат қилдик ва ўйлайманки, қайсидир маънода бунга эришдик. “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” шиори остидаги сайловолди тарғибот ва ташвиқот жараёнида барча номзодлар учун бир хил ва тенг шароитлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Шу боис биз “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча ғоя ва таклифларини халқимизга, сайловчиларга эмин-эркин етказиб бердик”, деди Алишер Қодиров.

У фурсатдан фойдаланиб мамлакатда фаолият олиб борган хорижий кузатувчиларга, партияси фаолларига, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” фракцияси аъзоларига миннатдорлик билдириб ўтди.

“Бугунги сайлов жараёни якунига етди. Ҳозирги пайтга қадар биз партиямизнинг манфаатларига зарар берувчи ёки партиямизнинг ҳуқуқларини бузувчи ҳар қандай ҳолат бўйича муносабат келиб тушмади. Ушбу сайлов мамлакатимизнинг ислоҳотларини давомийлиги адолат ва тараққиёт томонидан муҳим қадам эканлигини эътироф этмоқчимиз.

Барчамизнинг умумий мақсадимиз бир. Бизнинг сайлов олдида ҳам такрор-такрор айтаётган гапимиз шу эди. Бизнинг мақсадимиз Ўзбекистон тараққиёти ва ўзбек халқининг фаровонлиги учун хизмат қилиш. биз буни ҳар қандай ҳолатда амалга оширамиз, ҳар қаерда амалга оширамиз. Биз учун энг асосийси бу ғояларни амалга ошириш учун биргаликда ҳаракат қилиш. Партиямизнинг рамзида ҳам айнан шу мамлакатимиз тараққиёти учун бирлашиш ғояларига чақирув бор эканлигини такрор-такрор айтиб келдик”, дея сўзини якунлади МТДП раиси Алишер Қодиров.

Аввалроқ, Алишер Қодиров Шавкат Мирзиёевни Президент сайловидаги ғалабаси билан қутлагани ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот учун, сайловда иштирок этган номзодлар қуйидагича овоз тўплади:

•  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов – 3,4 фоиз;

•  Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Наимович Обломурадов – 4,1 фоиз;

•  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Келдиевич Қодиров – 5,5 фоиз;

•  Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Азизовна Варисова – 6,6 фоиз;

•  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев – 80,1 фоиз;


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб Мирзиёев Миллий тикланиш номзод сайлови Ўзбекистон Президенти сайлови

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг