Саутгейт “уч шерлар” билан 2024 йилгача шартнома имзолади

Спорт 1189
image

Англия терма жамоаси бош мураббийи Гарет Саутгейт шартномасини 2024 йилнинг декабрига қадар узайтирди. Бу ҳақда “Sky Sports” нашри хабар берди.

Саутгейтнинг федерация билан аввалги шартномаси 2022 йилнинг декабрь ойида Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати финалидан сўнг якунига етар эди, бироқ амалдаги бош мураббий ва унинг ёрдамчиси Стив Холанд яна уч йил терма жамоани бошқаради.

Англашиладики, фавқулодда ҳолат юз бермаса, Саутгейт “уч шерлар”ни Евро-2024 турнирида ҳам бошқаради.

“Мен ва Стив Холанд шартномани узайтира олганимиздан хурсандман. Бу жамоани бошқариш мен учун шараф. Фурсатдан фойдаланиб, бош директор Марк Буллингем, техник директор Жон МакДермотга қўллаб-қувватлаганлари ва, албатта, футболчиларимга меҳнатлари учун миннатдорлик билдираман. Бу мухлисларимизга нималарга эриша олишимизни кўрсатиш учун ажойиб имкониятдир”, дейди Саутгейт.

Маълумот учун, Саутгейт 2016 йилда Сэм Эллардайс истеъфога чиқарилганидан сўнг Англия терма жамоаси бош мураббийи лавозимини эгаллаган ва шундан буён “уч шерлар”ни ЖЧ-2018 ярим финали ва Евро-2020 финалига қадар олиб чиқди.
 

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 9
Рейтинг: 2.9
t
×