Стерлинг 1 йиллик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Спорт

−

visibility206 timer2 дақиқа

image

“Челси”нинг собиқ ҳужумчиси Рахим Стерлинг автомобилни хавфли бошқаргани учун 12 ойлик шартли қамоқ жазоси ва 18 ойлик синов муддатига ҳукм қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Жорий йилнинг май ойи охирида Стерлинг полиция томонидан ҳибсга олинган. У Англия жанубида Lamborghini русумли автомобилини йўл тўсиғига уриб юборган. Футболчи гиёҳванд моддалар сақлаганлик, маст ҳолда автомобиль бошқарганлик ва тиббий текширувдан ўтишдан бош тортганликда гумон қилинган. Кейинчалик у тергов якунлангунига қадар гаров эвазига озодликка чиқарилган.

31 ёшли футболчига автомобилни хавфли бошқариш, азот оксиди сақлаш ва тиббий текширувдан ўтишдан бош тортиш айбловлари қўйилган эди. Жорий йилнинг сентябрь ойида оммавий ахборот воситалари Стерлинг мазкур айбловлар бўйича ўз айбини тан олгани ҳақида хабар берди.

Суд қарорига кўра, футболчи 2 йил давомида автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Шунингдек, у 100 соатлик ҳақ тўланмайдиган жамоат ишларини бажариши керак. Тиббий текширувдан ўтишдан бош тортгани учун эса икки ойлик шартли қамоқ жазоси тайинланган. Бу жазо бошқа шартли жазо билан бир вақтда ижро этилади.

Судья ҳукм чиқариш жараёнида Стерлингнинг аввалги бенуқсон обрўсини таъкидлаб, уни ёшлар учун намуна сифатида эътироф этган.

Маълумот учун, Стерлинг Нидерландиянинг “Фейеноорд” клубини тарк этганидан кейин эркин агентга айланди. “Ливерпуль” академияси тарбияланувчиси фаолияти давомида “Челси”, “Манчестер Сити” ва “Арсенал” жамоаларида ҳам тўп сурган. “Манчестер Сити” сафида 4 марта Англия Премьер-лигаси ғолиби бўлган. У Англия миллий терма жамоаси сафида 82 та учрашувда майдонга тушиб, 20 та гол урган. Шунингдек, Стерлинг терма жамоа билан Евро-2020 финалига қадар етиб борган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг