Сатторийнинг қамалиши сайлов арафасида матбуотни қўрқитишдир – CPJ
Жамият
−
12 Май 2021
12187Хабарингиз бор, 10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторийга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) сурхондарёлик блогернинг қамалиши бўйича муносабат билдирди.
Халқаро қўмита Отабек Сатторийни сохта товламачилик ва туҳмат қилиш айбловлари билан қамалган, дея ҳисоблаган.
“Блогер Отабек Сатторийнинг сохта товламачилик ва туҳмат қилиш айбловлари билан айбдор деб топилгани Ўзбекистон Ҳукуматининг Президент сайловлари яқинлашаётган бир пайтда матбуотни сезгир масалаларни ёритиб беришдан қўрқитишга қаратилган аниқ ҳаракатдир. Расмийлар Сатторийнинг мурожаатларига қарши чиқмасликлари ва иши учун журналистларни қамоққа ташламасликлари керак”, дейди қўмитанинг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид.
Қайд этилишича, CPJ изоҳ олиш учун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, “Ҳудудгазтаъминот” ҳамда Термиз ва Сурхондарё ҳокимликларига электрон почта орқали хабар юборган, аммо жавоб олмаган.
Эслатиб ўтамиз, блогер Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси жазоларни (қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Кейинчалик, Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов блогер атрофидаги вазият юзасидан муносабат билдирди. У ўз постида бу воқеадан сўнг чўчиб қолган блогер ёки журналист анонимга айланиб кетиши мумкинлигидан хавфсиради.
Аввалроқ ҳам Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистонни яқинда қабул қилинган Интернетда “сўз эркинлигини чекловчи” қонунчиликдаги ўзгартишларни бекор қилишга чақирганди Ташкилот инсон ҳуқуқлари ҳимояси гуруҳи кузда ўтказилиши режалаштирилган Президент сайловлари олдидан Интернетда “чекловлар кучаймоқда”, дея ҳисоблаганди.
LiveБарчаси