Ватанпарварлар барибир ёзаверади – Алламжонов Сатторийнинг қамалганига муносабат билдирди
Жамият
−
11 Май 2021
25736Аввал хабар берганимиздек, кеча, 10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторийга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди. Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов блогер атрофидаги вазият юзасидан муносабат билдирди.
У ўз сўзини бошлар экан, суд ҳукми ҳақида фикр билдира олмаслиги, бундай ваколати йўқлиги ва Отабек Сатторийнинг қанчалик айбдорлиги ҳақида ҳам маълумотга эга эмаслигини қайд этади.
“Кейинги пайтда журналистлар билан боғлиқ муаммолар тез-тез кўзга ташланиб турибди. Матбуотчилар қандай қийинчиликларга дуч келаётганини ҳам биляпмиз.
Аммо мен бир гапни ишонч билан айта оламан: ўзимизнинг журналистларни қўллаш, ҳимоя қилиш ўрнига оғзини очолмайдиган даражада қўрқитиб қўйсак, уларнинг ўрнини бошқалар – ташқаридан туриб фитна чиқарадиганлар эгаллаши аниқ! Ундайларнинг нияти маълум – жамоатчилик фикрини аллакимлар учун манфаатли томонга буриш, содда одамларимизнинг ҳис-туйғуларини қўзғатиб, шу орқали оммани бошқариш. Бу йўлда на ҳақиқатга ўрин бор, на виждонга”, деб ёзади Алламжонов.
Шунингдек, у бундан буёғига “чўчиб қолган блогер ёки журналист анонимга айланиб кетиши мумкин”лигини таъкидлаган.
“Қолаверса, чўчиб қолган блогер ёки журналист анонимга айланиб кетиши мумкин. Журналист ёки блогерлик кўпинча одамнинг қон-қонида бўлади. Атрофдаги ҳаётга бефарқ бўлмаган бу ҳақиқий ватанпарварлар ҳар қандай ҳолатда барибир ёзаверади. Техника асрида информация оқимини тўсишнинг ягона йўли интернетни давлат миқёсида бутунлай ўчириб қўйишдир. Албатта, танловни ҳамма ўзи қилади. Бизнинг чақирувимиз – соғлом ва қонуний муносабатларни йўлга қўйиш. Қонун ҳамма учун: блогер, журналист учун ҳам, ҳоким, вазир учун ҳам бирдек ишлаши керак. Шундагина хукмларнинг адолатли эканлигига шубҳа камаяди.
Ватан – бизники! Ва ҳеч ким шу заминда яшаб фаолият юритаётган ўзимизнинг журналист ва блогерларчалик Ватанимиз, миллатимиз тараққиёти учун қайғурмайди.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Албатта, танлаган соҳамиз жуда қалтис, лекин юрт тараққиётида бу жуда муҳим йўналиш. Буни давлат раҳбари ҳам бир неча бор таъкидлаганлари бежиз эмас. Шаштингизни туширманг. Биз осон бўлмаган йўлдамиз. Шу пайтгача ҳамманинг овозини баравар ўчириш ҳеч кимнинг қўлидан келмаган. Бундан кейин ҳам шундай бўлади”, деб ёзган Комил Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, блогер Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси жазоларни (қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
LiveБарчаси