Алламжоновни ўлдириш кимга керак?
Таҳлил
−
29 Октябрь
3082626 октябрь тонги Ўзбекистон Президенти Администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилгани ҳақидаги шум хабар билан бошланди. Ўзбекистон сайловга тайёргарлик кўраётган бир вақтда сайловдан бир кун олдинги бу хабар кўпчиликни шошириб қўйди. Марказий сайлов комиссияси ҳар соатда сайловга тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида ахборот бераётган бир вақтда, тармоқ фойдаланувчиларининг асосий муҳокамаси собиқ мулозим Комил Алламжоновга суиқасд уюштирилгани бўлди. Сайлов одамларни Алламжонов билан содир бўлган воқеани муҳокама қилишдан чалғита олмади.
Воқеа содир бўлганига уч кун бўлишига қарамай, ҳамманинг эътибори шу ҳодисада қолмоқда. Қолаверса, очиқдан-очиқ қуролли ҳужум Ўзбекистоннинг яқин 25 йиллик тарихида содир бўлмаганди. Собиқ администрация мулозими, Президент Шавкат Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби Алламжонов давлат раҳбари ва умуман ҳукуматга яқин одам. Қолаверса, у ҳар икки раҳбар даврида яхши лавозимларда ишлаган.
Ҳар ҳолда бир неча йилдан буён Президент Мирзиёевнинг катта қизи ва ҳозирда унинг ёрдамчиси сифатида фаолият олиб бораётган Саида Мирзиёева билан ишлаб келаётганди. Алламжонов ҳукуматдаги фаолиятини тугатгани эълон қилинганида ҳам уни хусусий секторга Мирзиёева кузатди. Комил Алламжонов 2024 йилнинг 26 октябрь куни аниқроқ айтганда, Парламент сайловидан бир кун олдин Тошкент вилояти Қибрай туманидаги уйи яқинида қуролли ҳужумга учраган.
Дастлаб кўпчилик ОАВлар аниқ маълумот йўқлиги сабабли бу хабарни эълон қилишга шошилмади. Бош прокуратура берган баёнотида ҳолат ҳақиқатдан ҳам содир бўлганини исботлади. Дастлабки маълумотда икки номаълум шахс у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узиб, ҳодиса жойидан яширингани айтилди. Бош прокуратура Алламжоновга суиқасд уюштирилганини қисман тасдиқлади. Қисман деяётганимиз ҳам бекорга эмас, чунки прокуратура берган баёнотида “бу ҳолат ҳақиқатдан ҳам Алламжонов билан бўлган”, деб айтилмаган. Аммо қуролли ҳужум бўлгани яширилмаган.
“26 октябрь куни соат 01:40 ларда Қибрай тумани, Ифор кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган Range Rover русумли автомашинага 2 нафар номаълум шахс ўқотар қуролдан бир неча маротаба ўқ узиб, номаълум томонга яширинган. Бу ҳодиса оқибатида бирон-бир шахс тан жароҳати олмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган”, деган Бош прокуратура.
Шунингдек, прокуратура тегишли идораларнинг малакали ходимларидан иборат тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган. Бош прокуратура 27 октябрь куни эрта тонгдан қўшимча ахборот бериб, ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этган шахсларнинг бир нафари, 28 октябрь куни уч нафар шахс аниқланиб, гумонланувчи тариқасида қўлга олинганини маълум қилди.
Бош прокуратура ҳолат содир бўлгани ҳақидаги дастлабки баёнотни берганида жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) моддаси билан жиноят иши очилганини маълум қилганди. Гумонланувчининг қўлга олиниши ҳақидаги баёнотда эса бу моддалар биттага кўпайиб, Жиноят кодексининг 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаси ҳам қўшилганини кўриш мумкин.
Қолаверса, бош прокуратура очган жиноят иши доирасида нафақат прокуратура, балки Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар, Ҳарбий, Транспорт прокуратуралари ҳамда ИИВ, вилоят ва Тошкент шаҳар ИИББ, Божхона қўмитаси ходимларидан иборат таркибда тергов-тезкор гуруҳи тузилганини маълум қилган.
Юқорида айтганимиздек, сайлов одамларни Алламжонов билан содир бўлган воқеани муҳокама қилишдан чалғита олмади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳолат қандай содир бўлган, ким ва нима учун собиқ амалдорга суиқасд қилган деган саволларни ўртага ташлаётган бир вақтда тармоқларга видео сиздирилди. Бош прокуратура видеони тасдиқланмаган ва асоссиз маълумот деб баҳолаган.
“Қонунчиликда ахборот соҳасидаги ҳуқуқ ҳамда масъулият аниқ белгиланган – буни, айниқса, фаол ва катта аудиторияга эга блогерлар, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ ва каналлар маъмурлари яхши ҳис этишлари лозим. Чунки жамиятда улар тарқатаётган ҳар қандай ахборотни ҳақиқат сифатида қабул қиладиганлар кўп. Медиа вакиллари ҳам худди давлат органларидан талаб этилгани каби соҳага оид амалдаги қонунчилик меъёрларига риоя этишлари шарт эканлигини унутмаслиги керак. Шунга кўра, жамоатчилик орасида турли нотўғри талқин ва тахминлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида, оммавий ахборот воситаларидан прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор ёки тергов тадбирларини ёритишда фақат Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан тақдим этилган расмий маълумотларга таяниш ва ҳавола келтиришни қатъий сўраб қоламиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Бош прокуратура аҳоли орасида ёлғон, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш учун жиноий жавобгарлик борлигини ҳам эслатиб ўтган. Бир вақтлар Алламжонов бошқарган Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам Бош прокуратура айтган гапларни такрорлаб, журналист ва блогерларга фақат расмий манбаларда тақдим этилган маълумотлардан фойдаланишни тавсия этди.
Ҳамма Комил Алламжоновга бўлган суиқасдни муҳокама қилаётган бир вақтда Президент Администрациясининг собиқ мулозими сайловга боргани ҳақидаги суратни ўзининг саҳифасида улашиб, қисқа ва лўнда қилиб, "Ўз танловимни қилдим", деб ёзган.
Алламжонов ўзи билан содир бўлган суиқасд масаласида ҳозиргача лом-мим демади. Сўнгги йилларда эшитмаганимиз суиқасднинг ишдан кетганига ҳали кўп бўлмаган, кимсан Президент администрацияси амалдорига нисбатан қилингани кўпчиликни хавотирга солди ва бир қанча саволларни ўртага ташлади.
Бу ишни ким қилган, мақсад нима эди, Алламжонов тунги соат 1:40 да қаердан қайтаётганди ва жиноятчилар собиқ амалдорнинг ўша вақтда Қибрай тумани, Ифор кўчасидан ўтишини қаердан билганди ёки суиқасд ҳақиқатдан ҳам пиарми? Бу каби саволлар нафақат журналистлар балки жамоатчиликни ҳам қизиқтирмоқда.
Ёдингизда бўлса, Алламжоновнинг Президент Администрациясидан кетгани ҳақидаги гаплар шу йилнинг июль ойида болалаган эди. У эса темирни қизиғида босиб, июль ойининг ўзида давлат ва нодавлат телерадиоканаллар ҳамда бошқа ОАВ раҳбарлари билан учрашув ўтказиб, ҳали ҳам лавозимда эканини кўрсатиб қўйди. Лекин, орадан кўп ўтмай у ҳақиқатдан ҳам Администрациядан кетди. Ҳамма нарсага айбдор бўлган Алламжонов энди сиёсатда эмас.
Унинг кетиши ҳам бошқаларникидек эмас, Президент ёрдамчиси, давлат раҳбарининг тўнғич қизи ва давлат амалдори сифатида карьерасини Алламжоновга ўринбосарликдан бошлаган ва охирги пайтларда унинг ўзига раҳбарлик қилган Саида Мирзиёева Комил Алламжонов билан хайрлашаркан, унга фидокорона хизмати ва профессионализми учун чуқур миннатдорлик билдиришни унутмади.
“Ўтган икки йил давомида Президент берган барча топшириқларга масъулият билан ёндашиб, давлат ва жамият учун муҳим бўлган катта лойиҳаларни амалга оширдингиз. Матбуот ва таълим тизимини такомиллаштиришда катта натижалар кўрсатдингиз. Бунинг учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ишонамизки, сиз бошлаган ишлар келажакда ўз мевасини беради”, деган Президент ёрдамчиси.
Бугунгача ПАга кимлар келди, кимлар кетди. Зайнилобиддин Низомиддинов дейсизми ё Сардор Умурзоқов. Уларнинг ҳеч бири билан бу тарзда хайрлашилмаган. Ўзбекистондаги энг юқори лавозимлардан биридан ўз истаги ва шунақа хайр-маъзур билан кетган Алламжонов. Президент администрациясига ўз ҳурмати билан келиб, ҳурмат иззатда кузатилган Алламжонов билан содир бўлган воқеа кўпчиликни оёққа турғизди.
Одамлар орасида эса воқеа ҳақида турли гаплар болалаб улгурган. Кимдир бу Алламжонов томонидан уюштирилган пиар деса яна кимдир унинг Ўзбекистондан чиқиб кетишини истаганлар қилган бўлиши мумкин демоқда. Лекин ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган ва тергов натижалари эълон қилинганида аниқ маълумотлар эълон қилинади. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ’да кузатинг.