Сув бостирганларга жарима, акасини ўлдирганга 5 йил, ҳақиқатни гапирганга 6,5 йил(ми)?
Таҳлил
−
11 Май 2021
31432Кеча, 10 май куни Ўзбекистонда кун тартибига чиққан жиноятлар бўйича суд ҳукмлари эълон қилинди. Булардан икки жиноят одамлар ўлими билан боғлиқ бўлса, учинчиси “сўз эркинлигининг қатли” дея аталаши эҳтимолдан холи эмас.
10 май куни сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан 6,5 йилга, акасини пичоқлаб ўлдирган Нуриддин Маҳмудов жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан 5 йилга, “Сардоба иши” бўйича 4 кишига Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Сиз ўқишни бошланган таҳлилнинг туғилиши сабаби ҳам ана шу уч ҳукм.
Сувни тоширганлар сувдан қуруқ чиқдими?
Ўтган йилнинг 1 май куни Сирдарёдаги “Сардоба” сув омбори тўғони ўпирилиб, бунинг оқибатида 10 минглаб аҳоли зарар кўрди. 5 мингга яқин уйлар яроқсиз ҳолатга келиб қолди. Экин майдонлари зарар кўрди, юзлаб чорва моллари қурбон бўлди. Саҳар ёпирилган сув 6 кишини ҳаётдан бевақт олиб кетди.
Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 207-моддаси ва 258-моддаси “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган эди. Ушбу жиноят иши юзасидан бугунги кунга қадар 17 нафар шахс гумонланувчи тариқасида терговга жалб қилиниб, кейинчалик уларга нисбатан Жиноят кодексининг турли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
“Сардоба иши” бўйича тергов жараёни ДХХ Тергов бошқармаси томонидан олиб борилган бўлиб, тергов 7 ойга чўзилган. Суд ҳукмигача масъул тергов органи томонидан тергов қай тартибда ўтказилаётгани, унга жалб қилинган шахслар ҳақида маълумот берилмаган. “Секрет”лар судда ҳам давом этди, суд мажлиси ҳам ёпиқ тарзда ўтказилди.
Бундан ташқари, жиноят ишида гумонланаётган шахслар ҳақидаги маълумотлар, хусусан уларнинг исми-фамилияси, мансаби, манфаатлари тўқнашуви борасидаги маълумотлар ҳам жамоатчиликка ошкор этилмади.
6 кишининг хуни 6 кишининг қамалиши билан тўланадими?
“Сардоба иши” бўйича Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 14 нафар судланувчига Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а”, “в” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари ва 3 нафар судланувчига эса Жиноят кодексининг 203-моддаси ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, улардан 6 нафарига 4 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси, қолган 11 нафар шахсга жарима жазоси тайинланди. Ушбу рўйхатда “Сардоба” сув омбори қурилишида бош-қош бўлган мансабдор шахсларнинг йўқлиги ажабланарли, албатта. Бундан ташқари, судланувчиларга нисбатан ЖКда назарда тутилган айрим моддалар, масалан пора олиш ва бериш, порага воситачилик қилишга қарши ЖКнинг 210, 211 ва 212-моддалари ҳамда 203- “сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш” моддалари қўлланилмагани ажабланарлидир.
Сатторийга 6,5 йил берилиши адолатданми?
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, блогер Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уни узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Қайд этиш керакки, Отабек Сатторийга нисбатан дастлаб 7 та ҳолат бўйича жиноят иши очилган эди. Аммо суд ҳукмига кўра, Сатторий жабрланувчи Н. Норбаевани ҳақорат қилгани бўйича Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди билан ҳамда Т. Кўчаров, А. Худойқулов ва З. Хурсановга нисбатан такроран товламачилик қилгани бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилди ва оқланди.
Акасини ўлдирган қотил 5 йилга “кесилди”
10 май куни жиночт ишлари бўйича Чилонзор туман судида акасини пичоқлаб ўлдирган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд Нуриддин Маҳмудовни Жиноят кодексининг 104-модда (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида кўрсатилган жиноятни содир этган деб топди. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. У жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланди.
10 минга яқин инсонни кўчада қолдирган, чайлаларда яшашга маҳкум этган Сардоба “қаҳрамонлари”га эса белгиланган жазони манзил колонияларида ўташ белгиланган. Энг қизиғи шундаки, “Сардоба иши” бўйича судланувчилар ЖКнинг 258-моддаси, яъни тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида одамлар ўлишига ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган бўлса-да 14 нафар судланувчига жарима жазоси тайинланган.
Telegram ва YouTube платформасида “Халқ фикри” видеоблогидаги танқидий чиқишлари билан танилган блогер Отабек Сатторий билан боғлиқ можаро жорий йилнинг январь ойи охирида бошланди. У 29 январь куни товламачиликда гумонланиб, фуқаро кийимидаги бир гуруҳ ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинди. Ўша пайтда блогер Жиноят кодексининг биргина 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинган. Лекин кейинчалик ўз-ўзидан блогер Отабек Сатторийга нисбатан қарши кўрсатма берувчи “жабрланувчи”лар кўпайиб қолди ва унга янги моддалар “илинди”.
Аслида Сатторий 2020 йилнинг кеч кузида Шеробод туман деҳқон бозорида синдирилган телефони учун компенсация талаб қилиши ортидан ҳибсга олинган. Агар терговга ишонилса, у пайтда “жабрланувчи” томон битта – Сатторийнинг телефонини тиклаб бериши лозим бўлган томон эди. Афсуски, бошида жабрланувчи бўлган Отабек Сатторий фалакнинг гардиши тескари айланиши оқибатида Жиноят кодексининг иккита моддаси билан айбдор деб топилиб, бугунги кунда 6,5 йилга озодликдан маҳрум бўлиб ўтирибди. Бундан ташқари, “жабрланувчи”лар сонининг бирданига 11 нафарга етиши мутасадди раҳбарларнинг Сатторийга нисбатан олдиндан “тиш қайраб” келганининг маҳсули бўлса, не ажаб. Чунки ўзи жабрланувчи бўлиб турган одамга нисбатан бирданига 5 та эпизод юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 6,5 йилга қамалиши барчани ҳайратлантириши табиий, албатта.
Эътибор қаратиш керак бўлган яна бир жиҳат борки, бу ҳам бўлса Отабек Сатторий 7 та ҳолат бўйича айбланди ва якунда фақатгина 3 та ҳолат юзасидан жазога тортилди. Мазкур жиноят иши юзасидан Отабек Сатторийнинг ҳаракатларини нотўғри квалификация қилган туман ички ишлар органининг терговчисига нисбатан суд томонидан хусусий ажрим чиқарилди. Сатторий ишида кузатилган бундай ҳолат биринчиси эмас. Аввал ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг жиноят ишини нотўғри квалификациялаши ҳолати Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан очилган жиноят ишида ҳам кузатилганди. Лекин айбланувчилар қачонгача терговчиларнинг етарли лаёқатга эга эмаслигидан, таъбир жоиз бўлса, ноқонуний хатти-ҳаракатидан жабр кўриши керак? Қачонгача давлат органлари далиллар муқобиллигини текширмасдан ҳамда судга ёлғон ва асоссиз маълумотлар тақдим қилиб, бир шахснинг ҳаётини барбод қилишади? Нега бундай терговчилар оддийгина хусусий ажрим билан қутилиб қолишяпти? Уларга нисбатан таъсирли жазо чораси кўрилмаслиги келажакда яна бир одам ёлғон айблов қурбони бўлмаслигига ким кафолат беради?
Ўзбекистон Республикаси Судлар тўғрисидаги Қонунунинг 64-моддасида судьянинг қасамёди келтирилган бўлиб, унга кўра, Судьялар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришига, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчи ва виждони буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишига тантанали қасамёд қилашади. Судьялар судланувчининг устидан ҳукм чиқаришда у қайсидир мансабдор шахснинг “думини” босганига эмас, балки ҳақиқатни қарор топтириш, ишни виждонан ҳал қилиш ва ўзининг қасамёдига содиқ қолишга эътибор қаратиши лозим.
Юқорида кўрилган учта жиноят бўйича тайинланган жазоларни таққослаб, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг қуйидаги шеъри қанчалик ҳақиқат эканига гувоҳ бўламиз.
Эгил, ўзни пана қил,
Борлигингни билдирма.
Йўталганга ўн беш йил,
Аксирганга йигирма.
Кар бўл, кўр бўл, тишла тил,
Бошга бало келтирма.
Гапирганга ўн беш йил,
Эшитганга йигирма.
Қаламингни душман бил,
Қоғоз узра жилдирма,
Роман ёзсанг - ўн беш йил,
Достон ёзсанг - йигирма...
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь