Сайлов олдидан чекловлар кучаймоқда – CPJ Ўзбекистонда сўз эркинлиги бўғилаётганини айтди
Жамият
−
29 Апрель 2021
9062Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Ўзбекистонни яқинда қабул қилинган Интернетда “сўз эркинлигини чекловчи” қонунчиликдаги ўзгартишларни бекор қилишга чақирмоқда. Ташкилот инсон ҳуқуқлари ҳимояси гуруҳи кузда ўтказилиши режалаштирилган Президент сайловлари олдидан Интернетда “чекловлар кучаймоқда”, деб ҳисоблайди.
“Октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари яқинлашаётган пайт расмийлар янги қонунлар тўплами билан сўз эркинлиги устидан назоратни кучайтиришга интилаётганга ўхшайди, дейди қўмитанинг Европа ва Марказий Осиё бўйича координатори Гулноза Саид.
Унинг фикрига кўра, агар Ўзбекистон Ҳукумати дунё уларнинг ҳақиқатан ҳам либерал ислоҳотларни амалга оширишга интилаётганига ишонишини истаса, матбуот эркинлигини чеклайдиган ва танқидий хабар ёзганларга жарима ҳамда қамоқ муддати билан таҳдид қиладиган ушбу қонунларни бекор қилиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Президентни интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш учун жавобгарлик белгиланди.
Қонун билан Жиноят кодексига киритилган қўшимчага кўра, Ўзбекистон Президентини телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.
Унга кўра, мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, Интернетдан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шундан сўнг, биринчилардан бўлиб Жиззахда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни ижтимоий тармоқларда ҳақорат қилган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилди.
Жорий йилнинг февраль ойида “Human Rights Watch” халқаро ташкилоти Ўзбекистон парламенти мамлакат жиноий ва маъмурий кодекслари ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга “сўз эркинлини хавф остига қўювчи, хавотирли ўзгартишлар” киритишни кўриб чиқилаётганидан хавотир билдирганди.
LiveБарчаси