Ўзбекистонда сўз эркинлиги таҳдид остида – “Human Rights Watch” хавотирли баёнот берди
Жамият
−
19 Февраль 2021
16638Ўзбекистон парламенти мамлакат жиноий ва маъмурий кодекслари ҳамда “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга сўз эркинлини хавф остига қўювчи, хавотирли ўзгартишлар киритишни кўриб чиқмоқда. Мунозарали қонун лойиҳаси нашр этилиши ва тегишли равишда кўриб чиқилиши керак. Бу ҳақда “Human Rights Watch” ташкилотининг веб-сайтида маълумот тақдим этилди.
Ташкилотнинг қайд этишича, жорий йилнинг 12 февраль куни қонун лойиҳасини тайёрлашда иштирок этган “Миллий тикланиш” партиясининг етакчиси Алишер Кодиров ўзининг Telegram каналида баъзи янгиликларни эълон қилган ва уларнинг аллақачон биринчи ўқишдан ўтганлигини ёзган. 15 февраль куни Олий Мажлис маълумотларида баъзи қўшимча тафсилотлар эълон қилинган.
“Қонун лойиҳасининг тўлиқ матни ҳали нашр этилмаган ва унда яна қандай қоидалар борлигини билмаймиз. Бизда ташвишланиш учун барча асослар мавжуд”, дейилади халқаро ташкилот хабарида.
Хусусан, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунга блоггерлар ва сайт эгаларининг оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонликка, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват қилишни тақиқловчи нормани киритиш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, у жамиятга, давлатга, давлат рамзларига (миллий ва умуминсоний қадриятларга) ҳурматсизликни намоён этувчи беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш учун жавобгарликни жорий этади.
“Тавсия этилган баъзи қоидалар шунчалик ноаниқ ва кенгки, улар инсон ҳуқуқлари халқаро сўзлашувларини, шу жумладан сўз эркинлиги ва тинч йиғилишлар эркинлигини бузиши муқаррар”, дейилади баёнотда.
Ташкилотга кўра, Ўзбекистондаги қонун чиқарувчилар жиноий жазо чоралари фақат зўравонлик ёки душманликка тўғридан-тўғри даъват мавжуд бўлганда қўлланилиши кераклигини унутмасликлари керак.
“Агар Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган давлатлардан бири бўлишга интилса, унда унинг раҳбарияти ушбу соҳадаги қонунчиликни халқаро меъёрларга мувофиқлаштириши ва қонунчилик билан боғлиқ барча жараёнларда шаффофлик, ошкоралик таъминланиши лозим”, дейилади ташкилот хабарида.
Маълумот учун, “Human Rights Watch” 70 дан ортиқ мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилишини кузатувчи, текширадиган ва ҳужжатлаштирадиган нодавлат ташкилот ҳисобланади. Унинг бош офиси АҚШда жойлашган.
LiveБарчаси