Сара Назарбоеванинг ўлими ҳақидаги хабарлар рад этилди
Олам
−
14 Май 11776 2 дақиқа
Аввалроқ, Қозоғистоннинг бир неча нашрлари мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоева вафот этгани ҳақида хабарлар тарқатганди. Назарбоеванинг вафоти ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда Қозоғистон биринчи президентининг матбуот котиби Айдос Укибай ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“ОАВдан келган кўплаб сўровларга жавобан билдираман – Сара Алписовна ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Унинг вафоти ҳақида тарқалган маълумотлар ҳақиқатга зид”, деб ёзган Укибай.
Билдирилишича, Сара Назарбоева айни пайтда Қозоғистон Республикаси Президент маъмуриятининг тиббиёт марказида даволанмоқда. Тиббиёт муассасаси маъмурияти бемор билан боғлиқ барча муолажалар белгиланган тиббий стандартлар асосида, малакали мутахассислар назоратида олиб борилаётганини маълум қилган.
Унинг соғлиғи оғир деб баҳоланган бўлса-да, ўлими ҳақида расмий маълумот йўқ. Шифохона ахборотига кўра, беморнинг соғлиғи, ташхиси ва даволаш натижалари шифокорлик сири ҳисобланади, шунинг учун бу борада батафсил маълумот берилмаяпти.
2024 йил декабрь ойида ҳам ижтимоий тармоқларда Сара Назарбоева вафот этди деган хабарлар тарқалган, бироқ бу ҳолат раддия билан инкор этилган эди.
Маълумот учун, Сара Назарбоева 1941 йил 12 февралда туғилган. У 1991–2019 йиллар давомида Қозоғистоннинг биринчи хоними бўлган. У ижтимоий фаолияти билан танилган – “Бўбек” фонди асосчиси, болалар ҳуқуқлари, етимлар ва ўзини англаш дастурлари йўналишида фаол ишлаган.
Live
Барчаси