Самарқандга учаётган самолёт зудлик билан Москвага қўнди

Олам

image

Бугун, 7 январь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан Самарқандга учаётган Boeing 737 самолёти носозлик туфайли Москва шаҳрининг Внуково аэропортига фавқулодда қўнди. Бу ҳақда UTAir компанияси маълум қилди.

Қайд этилишича, бортда 173 йўловчи билан Санкт-Петербургдан Самарқандга йўл олган Boeing 737 самолёти стабилизатор носозлиги сабабли Москванинг Внуково аэропортига фавқулодда қўнишга мажбур бўлган.

Экипаж аъзолари самолётда техник носозлик аниқлаган. Билдирилишича, мутахассислар уни кўздан кечириб, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этгандан сўнг самолёт парвозни давом эттиради.

“Flightradar” портали маълумотларига кўра, самолёт Внуковога қўнгунга қадар Верея шаҳри яқинида бир неча марта айланган.

Охирги кунларда ҳалокатга учраган самолётлар

29 декабрь куни Жанубий Кореядаги аэропортда бортида 181 киши бўлган самолёт ҳалокатга учраганди. Самолёт мамлакат жануби-ғарбидаги Муан халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва қўниш йўлаги ташқарисидаги тўсиққа урилиб, ёниб кетган.

Хабар қилинишича, ичида 175 йўловчи ва олти нафар борт ходими бўлган Jeju Air самолёти Таиланднинг Бангкок шаҳридан қайтаётган ва қўнаётган вақтда аварияга учраган. Йўловчиларнинг 173 нафари Жанубий Корея фуқароси ва икки нафари Таиланд фуқароси бўлган. Ҳалокатга учраган Boeing бир кун олдин ҳам бортдаги фавқулодда вазият тўғрисида хабар берган. Ўшанда ҳаво кемаси парвозни давом эттиришдан олдин мажбурий қўнишни амалга оширган. Сўнгги маълумотларга кўра, 179 киши ҳалок бўлган. Омон қолган икки киши – бир йўловчи ва экипаж аъзоларидан бири.

Шунингдек, Канаданинг PAL Airlines авиакомпаниясининг Сент-Жонсдан учиб келган самолёти Галифакс аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди.  Самолёт учиш-қўниш йўлагига қаноти билан урилганидан кейин ёниб кетган. Галифакс аэропорти самолёт билан содир бўлган воқеа туфайли вақтинча ёпилган. Самолётдаги барча йўловчилар ва экипаж аъзолари туширилган ва аэродромдан олиб кетилган. Йўловчилар ва экипаж аъзолари сони эса ҳозирча маълум эмас.

Бундан ташқари, ўша куни KLM Royal Dutch Airlines  авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти гидравлик тизимдаги носозлик туфайли Норвегияда фавқулодда қўнишга мажбур бўлганди. Рейс Ослодан Амстердамга йўл олган, бироқ Норвегия пойтахтидан 110 км жанубда жойлашган Сандефьорд аэропортига йўналтирилган. Муваффақиятли қўнганига қарамай, самолёт 18-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва ўтлоқ юзасида тўхтаб қолди. Самолёт бортида 182 киши, жумладан йўловчилар ва экипаж аъзолари бўлган. Ҳеч ким жабрланмаган.

30 декабрь куни эса Германиянинг Штутгарт шаҳрида тўрт ўриндиқли Cessna C-172 самолётининг қулаши оқибатида икки киши жабрланди. Учувчи енгил тан жароҳати олган, 70 ёшли йўловчи оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Embraer 190 самолётининг қулаши

25 декабрь куни Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Баку-Грозний йўналишидаги самолёти ҳалокатга учради. Самолётда 62 нафар йўловчи ва беш нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт қулашида 38 киши ҳалок бўлди, 29 киши омон қолди. 

Дастлаб самолётнинг ҳалокатига қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ “Euronews” Озарбайжон ҳукуматидаги манбаларига таяниб, ушбу авиаҳалокат Россия томонидан учирилган ер-ҳаво синфидаги ракета туфайли содир бўлганини эълон қилди. Шунингдек, AZAL Embraer 190 самолёти ҳалокатининг дастлабки сабаби сифатида ташқи жисмоний ва техник таъсирларни кўрсатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Москва самолёти Boeing 737 фавқулодда қўнди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг