Самарқандда ИИБ ходимлари болаларга куч ишлатдими? (видео)
3-саҳифа
−
22 Июль 6889 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд тумани ИИБ ходимлари 15 ва 10 ёшли болаларга куч ишлатиб, уларга тан жароҳати етказгани, ходимлар устидан шикоят қилинган бўлса-да, жабрланганлар экспертизадан ўтиш учун юборилмагани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова билан боғланди.
Унинг QALAMPIR.UZ'га маълум қилишича, ҳолат аслида ижтимоий тармоқларда иддао қилинганидан бошқача бўлган. Яъни ИИО ходимлари қидирувда бўлган шахсга оид эълонни ёпиштираётган пайтда қидирувдаги шахснинг фарзанди воқеа жойига келган. У эълонларни юлиб ташлаб, ходимларга халақит қилган.
Бола ҳаракатига чек қўйиш айтилса хам давом этгани учун ходимлар уни машинада ИИБга олиб боришмоқчи бўлишган. Боланинг ёши аниқлангач, у қўйиб юборилган.
“Ҳозирда ходимлар ҳаракати юзасидан хизмат текшируви бормоқда. Болага зарар етмаган. Лекин биз барибир хизмат текшируви натижасини ҳам ўрганамиз”, дейди Сурайё Раҳмонова.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқанд вилоятида ИИБ ходими журналистга айбини тан олишини талаб қилиб, Самарқанд туман судида куч ишлатгани ва уни ҳақорат қилгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси