Самарқандда бирйўла 8 нафар пиёдага йўл бермаган “автотеррорчи” ушланди

3-саҳифа

image

Самарқандда Malibu 2 ҳайдовчиси бирйўла 8 нафар пиёдага йўл бермай, уларнинг ҳаётига хавф солган ҳолда йўл безорилигини содир этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса жорий йилнинг 8 сентябрь куни соат 22:20 лар атрофида Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида юз берган. Тунги пайтда ҳаракатланиб келаётган Malibu 2 ҳайдовчиси пиёдаларга йўл бермасдан, автомобилни бошқарган.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида автомашина ва ҳайдовчининг шахси аниқланган. Ҳайдовчи бўлиб ўтган вазият юзасидан ўз тушунтиришида ўша пайтда бироз шошилиб келаётганини ва автомобилининг тормози ишламагани сабаб биринчи йўлакдан учинчисига ўтганини айтган.

“Фуқаролардан, ўша пиёдалардан, ГАИ ходимларидан узр сўрайман. Қилган ишимга пушаймонман. Иккинчи бунақа ҳолат такрорланмайди”, деган у.

Билдирилишича, мазкур қоидабузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−10-моддаси (Йўл безорилиги) биринчи қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Ҳозирда ҳайдовчи билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Тўпланган ҳужжатлар эса жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида тез тиббий ёрдам автомашинасига йўл бермаган BYD русумли автомобиль ҳайдовчисига нисбатан чора кўрилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг