Самарқандда ҳам миллиард сўмлик “пақилдоқ”лар пақилламайдиган бўлди
Жамият
−
15 Декабрь 2023
5681Самарқанд вилоятида катта миқдордаги ноқонуний пиротехника воситаларини сақлаб келаётган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Самарқанд вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва ДХХ вилоят бошқармаси ҳамкорлигида тезкор-тадбир ўтказилган. Тадбирда Самарқанд шаҳар "Хўжагунжоиш" МФЙда яшовчи 1990 йилда туғилган шахс ноқонуний равишда пиротехника воситаларини сақлаб келаётгани аниқланган.
Гап шундаки, қонунбузар қариндошига қарашли бўлган Самарқанд шаҳар Галаосиё маҳалласида жойлашган хонадонда жами 21 турдаги 1 минг 903 дона пиротехника воситаларини яширин равишда сақлаб келган. Уларнинг тахминий баҳоси 1 миллиард сўмни ташкил қилади. Билдирилишича, қўлга олинган фуқаро ушбу воситаларни пулламоқчи бўлган.
Пиротехника воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган бўлиб, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятидаги хонадонлардан бирида 407 миллион сўмлик пиротехника воситалари сақланаётгани аниқланганди.