Фарғонада 407 млн сўмлик “пақиллоқлар” пақилламай қолди
Жамият
−
22 Ноябрь 2023
3638Фарғона вилоятидаги хонадонлардан бирида 407 миллион сўмлик пиротехника воситалари сақланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси хабар берди.
Билдирилишича, бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ДХХ ва Миллий гвардия билан ҳамкорликда Қўқон шаҳрида пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган навбатдаги тезкор тадбирни ўтказган. Унда фуқароларнинг яшаш хонадонлари белгиланган тартибда, холислар иштирокида кўздан кечирилган.
Натижада хонадон ҳовлисида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаган ҳолда сақланаётган 2 турдаги жами 5 мингдан зиёд пиротехника воситалари борлиги аниқланган.
Манбага кўра, ушбу маҳсулотлар хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган. Уларнинг дастлабки қиймати 407 миллион сўмга баҳоланмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Фарғона вилоятида хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона назоратини четлаб олиб кирилаётган дастлабки қиймати 76 млн сўмга яқин бўлган жами 500 донадан зиёд “7SHOT” номли пиротехника воситалари фош этилганди.
LiveБарчаси