“Салимбойвачча” депутатнинг Қирғизистонда тартиб ўрнатиш ҳақидаги илтимосига рози бўлганми?

Олам

image

Қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилганидан сўнг, терговчилар ва тезкор ходимлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан бирга Салим Абдувалиевни сўроққа тутган. Бу ҳақда парламент йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев маълум қилди. 

Ташиевнинг айтишича, Абдувалиев Жамғирчиев келганини, ундан Қирғизистонда тартиб ўрнатишни сўраганини билдирган. Аммо Абдувалиев Қирғизистон ишига аралаша олмаслигини айтган.

“Бундан ташқари, у Жамғирчиев “Салимбойвачча”нинг ёрдамчисига хиёнат қилганини айтади. Ёрдамчи ҳам гувоҳлик берган. Жамғирчиев бир неча кун унинг меҳмонхонасида яшаб, пул тўламай қочиб кетган. Шу боис Ўзбекистонда унга нисбатан иккита жиноий иш қўзғатилган: биринчиси фирибгарлик, иккинчиси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш бўйича”, дейди Ташиев.

Парламент муҳокамаси чоғида депутат Суюнбек Умурзоқов Ташиевдан Салим Абдувалиев кимлигини сўраган.

“Сиз ҳамма нарсани била туриб, савол берасиз”, дея киноя қилган Ташиев.

Шунингдек, Суюнбек Умурзоқов депутатнинг бу иши ҳамма учун шармандалик эканини айтган.

"Биламан. Ҳамкасбимиз ҳаммамизни шарманда қилди. Борсам, Ўзбекистон Президентига борардим. “Салимбойвачча” Ўзбекистондаги уюшган жиноий гуруҳ етакчиларидан бири. У яқинда ҳибсга олинган. Буларнинг барчаси материалларда кўрсатилиши керак. Нега у муаммони ҳал қилиш учун уюшган жиноий гуруҳларга мурожаат қилади? Биз Эмил Жамғирчиевни жуда қўллаб-қувватладик, лекин у нотўғри иш қилгани маълум бўлди. Биз унга келиб, ҳаммаси нотўғри бўлса, бизга айтишини сўрадик. Тоза бўлса, келиб исботлаши керак эди”, дейди Суюн Умурзоқов.

Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. Жамғирчиев ўзбекистонлик “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраган, у билан яширин учрашув ўтказиш учун 2022 йил декабрь ойида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга борган. 

Кейинчалик маълум бўлишича, Жамғирчиев Абдувалиев Марказий Осиёни бошқаришини айтиб, ундан ҳокимиятдагиларга нисбатан чора кўришини сўраган. 

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Салим Абдувалиев Эмил Жамғирчиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг