“Салимбойвачча” билан кўришиш учун чегарани кесиб ўтган депутат қидирилмоқда
Олам
−
10 Январь
19075Қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. Бу ҳақда бугун, 10 январь куни депутат Алишер Эрбаев ўтказилаётган брифингда маълум қилди.
Депутат Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги Бош прокуратура сўровини кўриб чиқиш учун тузилган депутатлик комиссиясига депутат Эрбаев бошчилик қилмоқда.
“Комиссия бир неча очиқ йиғилиш ўтказди. Комиссиянинг кечаги йиғилишининг иккинчи қисми тергов талабига кўра ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Терговчилар чегарани ноқонуний кесиб ўтишни исботловчи далилларни тақдим этишди. Биз уларга ишондик, чунки Ўзбекистон томони ҳам унга нисбатан жиноий иш қўзғатди”, дейди депутат Эрбаев.
Унга кўра, айбловлар унча оғир бўлмаган жиноятларга тегишли бўлиб, 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 50-100 минг сом жарима билан жазоланади.
9 январь куни кечқурун депутат Жамғирчиев Қирғизистон парламентида ғойиб бўлганди. Унинг қаердалиги ҳозирча номаълум.
Маълумотларга кўра, Жамғирчиев ўзбекистонлик “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраган, у билан яширин учрашув ўтказиш учун 2022 йил декабрь ойида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга борган.
“Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишни яшириш учун 16 декабрь куни Жамғирчиев ноқонуний равишда Қирғизистонга қайтган”, дейди Эрбаев.
Унга кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев қидирувга берилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь