Ҳеч бир президент “Салимбойвачча”нинг дуосини олмаган – Ташиев
Олам
−
10 Январь
24985Бугун, 10 январь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг бўлиб ўтаётган йиғилишида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев депутат Эмил Жамғирчиевнинг Салим Абдувалиевга (“Салимбойвачча”) берган мактубини кўрсатди. Бу ҳақда “AkiPress” хабар берди.
“Ушбу хат 10 саҳифадан иборат. Уни у ўз қўли билан ёзган. Жамғирчиев Абдувалиевдан ёрдам сўраган. Хатда у ҳокимиятга туҳмат қилиб, уларга нисбатан чора кўришни сўраган. Бу қандай аҳмоқлик?” дейди Ташиев.
У мактубдан парчаларни ўқиб берган.
“Унинг ёзишича, Қамчибек Қидиршаевич ундан 180 минг доллар ундирган. Ушбу баёнот асосида иш қўзғатилган. Аниқланишича, 2 нафар йигит Жамғирчиевнинг отаси билан учрашиб, менинг исм-шарифимни айтиб, Қамчибек Қидиршаевичга пул кераклигини айтишган. Улар Эмил Жамғирчиевнинг отасидан 180 минг доллар олиб кетишган. Бири Қадамжодан, иккинчиси Сузоқдан. Биз уларни ушлаб, отаcига 180 минг долларни қайтариб бердик”, дейди Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.
Шунингдек, депутат Салим Абдувалиевдан ёрдам сўрагани фош бўлган.
“Ҳурматли Салимбой ака, сиз бутун Марказий Осиёни назорат қиласиз, сизга ҳамма итоат қилади. Бизнинг Президентларимиз Акаев, Бакиев, Отунбаева, Атамбаев, Жеенбеков, Жапаровлар президентликдан олдин доим сиздан рухсат сўрашган. Мен ҳам буларнинг барчасини билиб туриб, сиздан ёрдам сўрайман”, дейилади депутатнинг хатида.
Бунга жавобан Ташиев ҳеч бир президент Абдувалиевнинг дуосини олмаганини айтган.
“Бу қандай шармандалик? Бу бутун мамлакат учун шармандалик. Ҳеч бир президент жиноятчининг дуосини олмаган. У менга нисбатан чора кўришни сўраган. Хат борлигини Жамғирчиевнинг ўзи ҳам тан олган. Тасаввур қилинг, депутатлар орасида шундай одамлар ўтиришади”, дейди Ташиев.
Эслатиб ўтамиз, қирғизистонлик депутат Эмил Жамғирчиев қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда айбланмоқда. Жамғирчиев ўзбекистонлик “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиевдан ёрдам сўраган, у билан яширин учрашув ўтказиш учун 2022 йил декабрь ойида чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, Тошкентга борган.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 378-моддаси (Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жамғирчиев қидирувга берилган. Ўзбекистон томони ҳам уни ҳибсга олишга қарор чиқарган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь