Саида Мирзиёева Британия Бош вазирининг қароргоҳига борди
Жамият
−
16 Октябрь 5206 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Даунинг-стритда Буюк Британия Бош вазирининг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Варун Чандра билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг билдиришича, учрашувда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинган.

“Жаноб Чандра Ўзбекистондаги ислоҳотларни, айниқса, иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги ишларни катта қизиқиш билан кузатаётганини таъкидлади. Эришилган келишувлар мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида янги амалий ташаббуслар ва узоқ муддатли шериклик учун асос бўлиб хизмат қилишига ишонаман”, дейди Саида Мирзиёева.


Маълумот учун, Даунинг-стрит, 10 (инглизча 10 Downing Street) – Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Бош вазирининг расмий қароргоҳи. Бино Вестминстер туманида, Уайтхолл кўчасига туташган Даунинг-стритда жойлашган. 1735 йилдан бошлаб бу уй вақти-вақти билан, 1902 йилдан эса доимий равишда Бош вазирларнинг қароргоҳи сифатида хизмат қилиб келади.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева 9 октябрь куни Брюсселда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Кая Каллас билан учрашган эди. Қолаверса, Мирзиёева Брюсселда Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Йозеф Сикела билан ҳам учрашди. У 13 октябрь куни Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль-Рено Бассо билан учрашди.
Шунингдек, Мирзиёева 14 октябрь куни Лондонда “Rothschild & Co” компанияси кузатув кенгаши аъзоси баронесса Ариэль Малард де Ротшильд, Буюк Британия Ғазначилиги иқтисодий котиби Люси Ригби, Британия бизнес вакиллари ва Буюк Британия Бош вазири ўринбосари ва Адлия вазири Дэвид Лэмми билан учрашув ўтказди.
Live
Барчаси