Саида Мирзиёева баронесса Ротшильд билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Лондонда “Rothschild & Co” компанияси кузатув кенгаши аъзоси баронесса Ариэль Малард де Ротшильд билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.

“Баронесса Ариэль Малард де Ротшильдга учрашув ва қизиқарли экскурсия учун миннатдорлик билдираман.
Бугунги Ўзбекистон – ислоҳотларнинг аниқ стратегияси ва кучли иқтисодий базасига эга, жадал ривожланаётган мамлакатдир. “Rothschild & Co” компанияси ушбу янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этаётганидан мамнунман ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорлик янада ривожланишига умид қиламан”, деб ёзди Саида Мирзиёева.

Саида Мирзиёева эълон қилган расмлардан ушбу учрашувда унга ўғли Миромон Турсунов, шартнома асосидаги консультанти ва Инсон капиталини ривожлантириш бўйича лойиҳа офиси раҳбари Нозимахон Давлетова, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов ва Фатҳулла Нигманов ҳамроҳлик қилганини кўриш мумкин.

Маълумот учун, “Rothschild & Co” Ротшилдлар оиласининг француз ва инглиз филиаллари томонидан назорат қилинадиган молиявий компания ҳисоьланади. У Rothschild банк гуруҳининг флагмани бўлиб, Rothscild Group'ни, жумладан N. M. Rothschild & Sons ва Rothschild & Cie Banque'ни назорат қилади.

Баронесса Ариэль Малард де Ротшильд эса молия соҳасида гендер хилма-хиллигини рағбатлантирадиган Financi’Elles ташкилотининг асосчиларидан бири ҳисобланади. У 2006 йилда бери “Rothschild & Co” компаниясида бошқарувчи директор лавозимини эгаллаган, 2014 йилдан эса “Rothschild & Co” кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади. Баронесса 2007 йилдан 2018 йилгача CARE France президенти бўлган, ҳозирда CARE International кузатув кенгашига аъзо. У халқаро иқтисодиёт йўналишида PhD (докторлик) даражасига эга. Баронесса жорий йил бошида Ўзбекистонга келган.

Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева 9 октябрь куни Брюсселда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Кая Каллас билан учрашган эди. Қолаверса, Мирзиёева Брюсселда Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Йозеф Сикела билан ҳам учрашди. У 13 октябрь куни Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль-Рено Бассо билан учрашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Баронесса Ариэль Малард де Ротшильд Ариэль Малард де Ротшильд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг